ИСТАНБУЛ, 2 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консулхона ходимлари Истанбул шаҳрининг Буюкчекмеже туманида ўтказилган «Истанбул Буюкчекмеже» 24-халқаро маданият ва санъат фестивалида қатнашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Жорий йилнинг 5 август кунига қадар давом этадиган ушбу халқаро тадбирда дунёнинг 100 та мамлакатидан келган делегациялар ва уларнинг 1580 нафар вакиллари рўйхатдан ўтган.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Истанбул шаҳри ҳокими Экрам Имамўғли, Буюкчекмеже тумани ҳокими Хасан Акгун ва бошқалар иштирок этишди.
Фестиваль кўргазмалари залида Ўзбекистон маданияти ва санъатига бағишланган алоҳида павильон ташкил этилди. Унда намойиш қилинган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, айниқса наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, гиламдўзлик, дурадгорлик ва миллий чолғу асбоблари меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.
Бош консулхона ходимлари томонидан Туркиядаги Ўзбеклар жамияти нодавлат ташкилоти раҳбарияти билан биргаликда Ўзбекистон павильонида ўзбек миллий маданияти, санъати ва сайёҳлик салоҳиятига бағишлаган тақдимот ўтказилди.
Жумладан, кўргазма меҳмонларига Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маданий ва маънавий мероси, хусусан архитектура, амалий санъат ва фольклор санъатининг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ва роли тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Ўзбекистон павильонига ташриф буюрган хорижий меҳмонларга мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти, гастрономик ва экологик туризм соҳасидаги ютуқлари тўғрисида сўзлаб берилди. Улар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Қўқон каби тарихий шаҳарларимизга саёҳат қилишга таклиф қилинди.
Шунингдек, Бош консулхона ходимлари Ўзбекистон павильонига келган меҳмонлар ўртасида мамлакатимиздаги инвестициявий лойиҳаларни тарғиб этувчи материаллар тарқатилди.