Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистон ҳудудларининг сайёҳлик салоҳияти Истанбулда тақдим этилди


Ўзбекистон ҳудудларининг сайёҳлик салоҳияти Истанбулда тақдим этилди

ИСТАНБУЛ, 26 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги  бош консуллиги томонидан Хоразм вилоят ҳокимлиги Туризм бошқармаси билан ҳамкорликда «Турк дунёси тадбиркорлари» жамияти биносида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Туркияда зиёрат туризми билан шуғулланувчи фирмалар, кино ишлаб чиқарувчи, таниқли меҳмонхоналар вакиллари иштирок этган тадбирни бош консул Амирсаид Агзамхўжаев кириш нутқи билан очиб берди.  Дипломат ўз чиқишида Ўзбекистон ҳукумати томонидан юртимизда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш, хорижий сайёҳлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди.

«Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга  ҳисса қўшишга аҳд қилган инвесторларга давлатимиз томонидан бир  қатор имтиёзлар тақдим этилмоқда. Хусусан, янги  қуриладиган меҳмонхоналарга субсидиялар ажратилаяпти. Ушбу йўналишда таҳсил олишни истаган хорижлик талабаларга эса таълим имтиёзлари тақдим этилмоқда», – дея таъкидлади бош консул.

Форумда «Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш», «Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик» ва «Ўзбек тадбиркорлари ва билим инсонлари» жамиятлари раҳбарлари ўз фаолиятларига  бағишланган қизиқарли тақдимот ўтказишди.

«Турк дунёси тадбиркорлари» жамияти раиси ўринбосари Аҳмет Канйилмаз, ўз навбатида, туркий мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш, мавжуд тўсиқларни аниқлаш ва ҳамкорликни рағбатлантириш учун ҳукуматлар билан биргаликда барча маданий, сиёсий ва ижтимоий тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.

Тадбир дастурига мувофиқ, Хоразм вилояти ҳокимлиги Туризм бошқармаси вакиллари минтақанинг сайёҳлик салоҳияти, хорижий туристларни жалб этиш ва уларга қулай шароитларни тақдим этиш бўйича  амалга  оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Хива шаҳридаги қадимий «Ичан қалъа» мажмуаси имкониятлари, музейларда сақланаётган нодир буюм ва осори-атиқалар, шунингдек, ушбу кентда ҳар йили ўтказилаётган «Қовун сайли», «Лазги» халқаро рақс фестивали, Паҳлавон Маҳмуд халқаро спорт ўйинлари алоҳида таъкидланди.

Форум давомида Хива 2024 йилда «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» дастуридан ўрин олган тадбирлар режаси муҳокама қилинди ва уларни ҳамкорликда амалга ошириш таклифлари билдирилди.

Туркиянинг етакчи туркомпаниялари раҳбарлари билан кечган музокаралар натижасида «Яссавий тур» ширкати раҳбари Мехмет Кая шу  йил сентябрь ойида 90 кишилик зиёратчи сайёҳлар гуруҳини Ўзбекистонга юборишини маълум қилди.

Анжуман сўнгида, унинг иштирокчиларига, Ўзбекистон, хусусан Хоразм вилояти сайёҳлик салоҳияти, тарихий қадамжоларига бағишланган китоб ва тарқатма материаллар тарқатилди.