Истанбулда Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
ИСТАНБУЛ, 27 октябрь. /"Дунё" АА/. Истанбул шаҳридаги нуфузли Кент университетида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири. Ушбу олий ўқув юртида 317 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консуллиги томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Туркиядаги ваколатхонаси, Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти ва "Ўзбек аёллари ҳуқуқини ҳимоя қилиш" жамияти билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Кент университети ректори, профессор доктор Нежметтин Атсю ўзбекистонлик ёшларнинг билим олишга бўлган интилишларига юқори баҳо берар экан, сўнгги йилларда давомида ўзбек-турк дўстона алоқалари ривожланишида кузатилаётган муваффақиятларга алоҳида тўхталди.
У тилнинг инсон мафкураси ва маданияти шаклланишидаги аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритар экан, қардош ўзбек халқи вакиллари билан ушбу ўқув муассасасида турли мавзуларга бағишланган маданий ва маърифий тадбирлар ўтказилишидан ҳамиша мамнун бўлишини айтди.
Ўз навбатида, Бош консулликнинг биринчи котиби Шерзод Абдуназаров йиғилиш иштирокчиларини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни кенг тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижалари билан таништирди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлгани, "Давлат тили ҳақида"ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга уни илмий асосда ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам кенг имкониятлар яратганлигини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тили 7 мингдан ортиқ дунё тиллари орасида энг кўп фойдаланиладиган тилларнинг элликталигига киргани, она тилимиз АҚШ, Буюк Британия, Германия, Туркия, Франция, Швеция, Россия, Украина, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилаётганини таъкидлашди.
Сўнгги 5-6 йил мобайнида "Ўзбек тилининг изоҳли луғати", "Алишер Навоий қомуси", "Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси", "Фалсафа" қомусий луғати, "Ўзбекистон юридик энциклопедияси", "Ислом энциклопедияси", "Маънавият: асосий тушунчалар луғати", "Педагогика: энциклопедия", "Тарих атамалари луғати", "Адабиётшунослик луғати", "Юридик атамалар луғати" каби 40 дан зиёд фундаментал китоблар нашр этилгани ҳам қайд этилди.
Ўзбек маданияти ва ҳамжиҳатлик жамияти раҳбари Чокай Кочар мустақиллик даврига қадар Туркияда ўзбек тилидаги адабиётлар мавжуд бўлмаганига эътибор қаратар экан, сўнгги йиллар давомида икки давлат халқлари ўртасида ижтимоий-маданий соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик натижасида қўлга киритилган муваффақиятлар ҳақида атрофлича фикр юритди.
Тадбир иштирокчилари ватандошларимиз томонидан ижро этилган ўзбек халқ мумтоз қўшиқлардан ҳам баҳраманд бўлдилар.