Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистон делегацияси Туркияда ўтказилган стратегик коммуникацияларга бағишланган халқаро саммитда иштирок этди


Ўзбекистон делегацияси Туркияда ўтказилган стратегик коммуникацияларга бағишланган халқаро саммитда иштирок этди

ТОШКЕНТ, 29 ноябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 24-25 ноябрь кунлари Истанбулда Туркия Президенти ҳузуридаги Ахборот-коммуникациялар департаменти ташаббуси билан Стратегик коммуникациялар халқаро саммити бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Тараққиёт стратегияси» маркази Ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди. Шунингдек, саммитда қатор халқаро ташкилотлар, сиёсий, иқтисодий, таҳлилий ва дипломатик доиралар вакиллари, экспертлар, мутахассислар, ОАВ ва журналистлар қатнашди.

 

Бу йил учинчи бор ўтказилган саммит «Гибрид таҳдидларга қарши глобал кураш: барқарорлик, хавфсизлик, бирдамлик» шиори остида ташкил этилган бўлиб, Туркия Президенти тадбир иштирокчиларига видео мурожаат йўллади.

 

Саммит очилиш маросимида сўзга чиққан Туркия Президенти ҳузуридаги Ахборот-коммуникациялар департаменти директори Фахретдин Алтун тадбирнинг гибрид таҳдидларга қарши курашишдаги аҳамиятига тўхталди.

 

Бундан ташқари, Туркия ташқи ишлар вазири Фидан Хоқон ўз нутқида бугунги кунда уруш ва тинчлик ўртасидаги чегара тобора ноаниқлашиб бораётганини таъкидлади. Шу нуқтайи назардан, у дезинформацияга қарши курашиш учун стратегик алоқалар зарурлигини, бу йўлда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш кераклигини айтди.

 

Икки кун давом этган саммитда стратегик коммуникациялар соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, 50 дан ортиқ мамлакатлардан ташриф буюрган сиёсатчилар ва экспертлар дунё давлатларининг ахборот сиёсати ва дезинформацияга қарши курашиш борасида амалга ошириб келаётган сиёсати бўйича фикр алмашилди.

 

Жумладан, «Гибрид таҳдидларнинг янги жабҳалари», «Гибрид инқирозларда мулоқотдаги қийинчиликлар», «Ҳақиқат призмасидаги воқелик: гуманитар инқироз ва можароларни фош этиш», «Янги можаро зоналари: XXI аср инқирозлари ва зиддиятлар» каби мавзуларда 9 та панель сессиялари бўлиб ўтди.

 

Саммитнинг «Стратегик коммуникацияларнинг янги дилеммалари: ахборот хавфсизлиги ва шаффофлик» мавзусига бағишланган сессиясига «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлик қилди. Унда ахборотни манипуляция қилиш бўйича мамлакатлар тажрибалари кўриб чиқилди ва киберҳужумлардан ҳимояланиш масалалари муҳокама қилинди.