Туркия билан туризм соҳасида қандай келишувларга эришилди?
Музокаралар давомида жорий йил 28-29-август кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган Туркия маданият ва туризм вазири М.Эрсой билан туризм соҳасида эришилган қатор келишувларнинг бугунги кундаги ижро ҳолати, бажариш механизмлари ва қисқа муддатли режалар батафсил муҳокама қилинди.
Асосий эътибор мамлакатимиз туризм секторини янада ривожлантиришда Туркиянинг илғор тажрибасини тадбиқ этиш борасида қўйилган топшириқ ва вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтидаги бажариш чораларини кўришга қаратилди.
Жумладан, турк ишбилармонлари ва сармоядорларини Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва хусусийлаштириш лойиҳаларига фаол жалб этиш, турк тажрибаси асосида туризм соҳаси кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, Каппадокия университети кўмагида истиқболли туризм масканларининг мастер-режаларини яратиш бўйича ҳамкорлик қилиш, туризм соҳасига алоқадор вазирлик ва идоралар (транспорт, инвестиция, маркетинг, давлат активларини бошқариш ва бошқалар) вакилларининг Туркияга тажриба ўрганиш учун сафарларини ташкил қилиш ва бошқа қатор масалалар бўйича тегишли келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, М.Эрсой ташрифи якунлари бўйича ишлаб чиқилган ва тасдиқланган “Йўл харитаси” бандлари борасида фикрлар билдирилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА