АНҚАРА, 24 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Анқаради элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консуллиги ташаббуси билан Туркиянинг Бурса шаҳрида мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятларини намойиш этишга бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Туркия Маданият ва туризм вазирлигининг Бурса шаҳри бўлинмаси раҳбари Камил Ўзер, Бурса Савдо-саноат палатаси бошқаруви кенгашининг аъзоси Эрол Қилич ҳамда 20 дан ортиқ сайёҳлик агентликлари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир доирасида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон каби шаҳарлар бағрида жойлашган тарихий қадамжолар ва осори-атиқалар акс этган суратлар кўргазмаси ташкил этилди.
Шунингдек, “Табаррук зиёрат” туризм концепцияси, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий ва Бурҳониддин Марғиноний каби машҳур уламоларнинг Ислом дунёсидаги ўрни ҳақидаги маълумотлар ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинар экан, "Етти Пир" зиёратгоҳларида хорижликлар учун яратилган сайёҳлик имкониятлари ва қулайликларига урғу берилди.
Шу билан бирга, Туркиядан мамлакатимизга борадиган сайёҳлар учун яратилган қулай имкониятлар, сайёҳлик йўналишлари, жумладан, икки томонлама мунтазам авиақатновлар йўналишларини диверсификациялаш ва ва уларнинг сонини ошириш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди.
Тадбир савол-жавобларга бой бўлди.
Учрашув якунида мамлакатимизга туркиялик сайёҳлар сонини янада кўпайтириш бўйича муҳим тавсиялар шакллантирилгани баробарида хусусий сайёҳлик агентликлари билан Туркиянинг узоқ ва яқин ҳудудларидан зиёратчиларнинг уюшган ҳолдаги сафарларини амалга оширишга келишиб олинди. Шу билан бирга, Бурса ва Ўзбекистоннинг кўҳна шаҳарлари ўртасида қардошлик алоқаларини кенгайтириш, туризм агентликлари ўртасида ўзаро янги алоқаларни ўрнатиш ва «инфотур»лар ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.