АНҚАРА, 25 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳамда Истанбулдаги Бош консуллиги вакиллари иштирокида Туркиянинг Бурса шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий салоҳиятига бағишланган навбатдаги конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тўқимачилик саноати ишбилармон доираларининг уюшмаси (TEKSİDER) ва унга аъзо бўлган 100дан ортиқ корхоналар иштирокида ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимиз тақдимоти уюштирилди.
Тадбир давомида турк ишбилармон доиралари вакилларига Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги, ташқи савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳукумат даражасидаги чора-тадбирлар, яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда сўнгги йиллар давомида иқтисодиётни либераллаштириш ва амалга оширилган ислоҳотларга доир барча зарур маълумотлар тақдим қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи тўқимачилик корхоналари ва йирик брендлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳаларга доир маълумотлар ҳам тилга олинар экан, бу соҳадаги мавжуд салоҳият ва янги юқори технологик лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Тўқимачилик саноати ишбилармон доираларининг уюшмаси (TEKSİDER) бошқаруви кенгаши раиси Нермин Жейхан “Ўзбекистон билан текстиль соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ўзаро манфаатли ва бир-бирини тўлдириш тамойилларига таянади. Уюшма аъзолари Ўзбекистондаги мазкур соҳа вакиллари билан тижорий фаолиятларини кенгайтириш борасида қатъийдирлар”, деди.
Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистондаги имкониятлардан фойдаланиш ва у ерда қўшимча қиймат занжирини яратган ҳолда қўшма сармоявий лойиҳаларда иштирок этиш муҳокамаси учун яқин вақт ичида делегация ташкил этилишига ва уларнинг Ўзбекистонга сафарини уюштиришга келишиб олинди.