ТОШКЕНТ, 30 июнь. /”Дунё” АА /. Жорий йил 11-15 июль кунлари Қўқон шаҳрида Туркий тилли ёшлар халқаро фестивали ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу халқаро тадбир ёш авлоднинг халқларимиз тарихи ва миллий-маданий меросига меҳрини ошириш, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, умумтуркий маданий меросни биргаликда дунё бўйлаб тарғиб қилиш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни туризм соҳасига кенг жалб этиш, ёшларнинг туризм сохасидаги истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Халқаро анжуманда Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Туркия ва Озарбайжондан кўплаб ёшлар иштирок этади. Фестиваль доирасида китобхонлик кунини юқори савияда ташкил этиш, дастур асосида юқори натижаларга эришган ҳамда ёшларга ўрнак кўрсатадиган илм-фан намояндалари, ишбилармонлар, спорт усталари ва ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари, миллий ва этноспорт турлари буйича спорт мусобақалари, кўргазма, таниқли театр ва кино ижодкорлари билан ижодий мулоқотлар ва бошқа маданий-кунгилочар тадбирларнинг ўтказилиши кўзда тутилган.