Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркиядан муносабат: “Ўзбекистонни кенг тарғиб этиш, қаламим ва қалбим билан бу йўлда хизмат қилиш шарафли бурчим”


Туркиядан муносабат: “Ўзбекистонни кенг тарғиб этиш, қаламим ва қалбим билан бу йўлда хизмат қилиш шарафли бурчим”

ТОШКЕНТ, 3 май. /«Дунё» АА/. «Олтин қалам» ХV миллий мукофоти учун халқаро танловининг «Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун» номинацияси ғолиби Муҳаммад (Рузубай)  Акўрен «Дунё» АА учун ўз фикр-мулоҳазаларини йўллади. 

- Ота юртим — Ўзбекистон томонидан менга тақдим этилган «Олтин қалам» мукофоти учун қардош ўзбек халқига, Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонасига камтарона меҳнатимга берилган юксак эътибор учун самимий миннатдорлигимни билдираман.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бугунги дунёда шиддатли ўзгаришлар бўлаётган бир даврда мен учун бу мукофот уфқларни ёритган ёрқин бир зиё, самимий севинч ҳамда буюк ифтихор манбаси бўлди.

Ўзбекистон - менинг ота юртим. Аждодларим Бухорои Шарифда туғилиб ўсган. Ушбу муборак заминда олий таълимни олган.  

Мен ҳам уларнинг изидан бориб туркий дунёнинг маданият ва маърифат бешиги бўлган Ўзбекистонни кенг тарғиб қилишни, қаламим ва қалбим билан бу йўлда хизмат қилишни ўзимнинг шарафли бурчим, деб биламан. Бундан кейин бу йўлдаги ижодий  фаолиятимни катта ҳаяжон ва муҳаббат билан давом эттираман.

Журналистика соҳасига қадам қўйганимга ҳадемай 27 йил тўлади. Илк мақолаларим Ўзбекистон ҳаёти, хусусан, буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий ва дунё гавҳарлари — Самарқанд ва Бухорога бағишланган эди.

Ҳозирги кунда ҳам буюк имомларимиз, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий, Соҳибқирон Амир Темур томонидан қолдирилган бебаҳо меросни  дунё жамоатчилигига таништиришни ўзимнинг шарафли  бурчим, деб биламан.

Бундан кейин ҳам Ўзбекистонга бўлган меҳримни намоён қилишда давом этаман, иншааллоҳ. Мамлакатингиз ютуқлари ва тарихий меросини кенг жамоатчиликка, туркий дунё давлатларига таништириб боришни ўзим учун ҳаётий вазифа ҳисоблайман.