Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркиядан муносабат: Ўзбекистон том маънода Марказий Осиёнинг порлоқ юлдузига айланиб бормоқда


Туркиядан муносабат: Ўзбекистон том маънода Марказий Осиёнинг порлоқ юлдузига айланиб бормоқда

 

АНҚАРА, 8 май. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ҳамда Туркия маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар ташкилоти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон мустақилигининг 30 йиллигида ўзбек-турк муносабатлари» мавзусида онлайн-семинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университетидан 100 га яқин талаба иштирок этган тадбирда Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг тарихи, бугунги ҳолати куни ва истиқболлари ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар раҳбари Абдуллоҳ Эрен маъруза билан иштирок этди.  «Марказий Осиё мамлакатлари ичида Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни бор, - деди у. - Бу замин қадимда илм-фаннинг, ислом тамаддунининг манбаи бўлган, кўплаб олиму алломалар етиштириб берган. Бугунги кунда Туркия ва кўплаб бошқа минтақаларда кенг тарқалган миллий қадриятлар, мотуридийлик анъаналари айнан Ўзбекистон ҳудудларида тарихан ривожланган ва келиб чиққан. Сўнгги йилларда тарихига муносиб равишда Ўзбекистон янги янги марраларни кўзлаб, дадил қадамлар билан олға бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Иқтисодиётда ҳам кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон том маънода Марказий Осиёнинг порлоқ юлдузига айланиб бормоқда».

Онлайн-семинарда Ўзбекистон элчиси Алишер Аъзамхўжаев бундан қарийб 30 йил аввал ўз ҳурриятини эълон қилган ёш давлат Ўзбекистон учун ўта муҳим ҳолатда, яъни халқаро миқёсда тан олиниш масаласида Туркия Республикаси тарихий “биринчи” қадамни қўйганини таъкидлади. «1991 йил 16 декабрь куни Туркия навқирон Ўзбекистонни халқаро миқёсда эътироф этди. Бу биз учун муҳим тарихий одим эди. Туркиянинг ушбу қарорини халқимиз ҳеч қачон унутмайди ва доимо миннатдорлик билан хотирлайди.  Бундан 25 йил аввал – 1996 йилнинг 8 май куни мамлакатларимиз ўртасида «Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги шартнома имзоланган. Мамлакатлараро муносабатларнинг ҳуқуқий заминида ушбу ҳужжат алоҳида роль ўйнайди. Шу билан бирга ўзаро муносабатларимиз, айниқса, 2017 йилдан кейинги даврда мутлақо янги босқичга кирганини таъкидлаш зарур. Алоқалар энг юқори даражага кўтарилиб, икки мамлакат ўртасида бевосита Президентлар раҳбарлигидаги Олий даражадаги стратегик кенгаш таъсис этилди», - деди у. 

 Таъкидланишича, йилнинг илк чорагида Туркия ташқи ишлар ва тижорат вазирларининг Ўзбекистонга ташрифлари бўлиб ўтди. Май ойининг охирига қадар Туркия вице-президенти Фуат Октайнинг ташрифи ва Ҳукуматлараро иқтисодий комиссиянинг 6-йиғилишини ташкиллаштириш устидаги ишлар изчил давом этмоқда.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар, ўз навбатида,  Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги тарихий муштарак анъналар ва бугунги алоқаларни қайд этди. «Ўзбекистон – ота юртимиз. Тарихан бизнинг ота-боболаримиз Онадўлига ушбу заминдан келганлар, - деди Олган Бекар. -  Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим стратегик давлат ҳисобланади. Янги даврда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда ҳар жабҳада туб ислоҳотлар жадаллик билан давом этаётганини кўриб турибмиз. Бу жараён «Янги Ўзбекистон» ибораси билан таърифланмоқда. Мамлакатнинг қўшнилари билан олиб бораётган дўстона алоқалари ҳам диққатга сазовор. Ўзбекистон бутун дунёга очилмоқда.  Ушбу вазиятда Туркия Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга ва ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга доимо тайёр».