АНҚАРА, 10 май. /«Дунё» АА/. Туркиянинг «Damga» газетасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига бағишланган «Марказий Осиёнинг юксалиб бораётган кучи – Ўзбекистон» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенг кўламли ислоҳотлар дастури, минтақавий ва халқаро ташаббусларининг мазмун-моҳияти ўз ифодасини топган.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги етакчи мамлакатдир. Туркия мамлакатни стратегик шерик, деб билади. Ўзбекистон геостратегик аҳамиятга эга. Тарихий мероснинг ворисларидан бири сифатида Осиё томон очилган янги эшик, таъбир жоиз бўлса, «Осиёнинг янги йўлбарслари»дан биридир.
“Бугунги кунда икки мамлакат ўзаро савдо ҳажмини мутаносиб равишда 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйган, - деб қайд этилган нашрда. - Ўтган йили Туркия Марказий Осиёда энг кўп компания очган ўлка Ўзбекистон бўлди, бу 2020 йилда ташкил этилган барча компанияларнинг 18 фоизини ташкил этди. Бугун Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги компаниялар сони 1 минг 611 тани ташкил этмоқда. 2021 йилнинг биринчи чорагида 103 та турк компанияси таъсис этилди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки бараварга ошиб, 1,24 миллиард доллардан 2,37 миллиард долларга етди”.
Муаллифга кўра, сўнгги беш йилда Ўзбекистон сиёсатида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. “Янги Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ривожланишнинг янги босқичига кирди, - деб таъкидлайди журналист. - Мувозанат, ҳамкорлик ва ислоҳот - ушбу даврнинг моҳиятини белгилаб берган учта тушунчадир. Улар қўшни мамлакатлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ҳамда минтақавий муаммоларни ҳал қилишда илгари сурилган ташаббусларда, иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳаётга тадбиқ этилаётган қатъий ислоҳотларда яққол намоён бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, Ўзбекистон дадил қадамлар билан Учинчи Ренессансга кириб бормоқда”.
Президент Шакат Мирзиёев “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” концепциясини илгари сурмоқда. Ушбу ташаббуснинг моҳияти янги минтақавий тараққиётни таъминлашга қаратилган. Ўзбекистон ўзини минтақавий куч ва марказ сифатида намоён қилмоқда. Бу ҳолат аслида ўлка тарихининг инъикосидир. Қачонлардир инсоният тарихидаги энг қудратли савдо йўли - Ипак йўлининг маркази Ўзбекистон «юксалиб бораётган Осиё»да яна ўзига муносиб мавқени эгаллашга интилмоқда.
Материалда таъкидланишича, расмий Тошкент денгиз портларига чиқиш учун қисқа ва мақбул транспорт коридорларини яратишга ҳаракат қилаяпти. “Ўзбекистон - Ҳиндистон томонидан шу пайтгача олий даражада видеосаммит ўтказган Марказий Осиёнинг ягона давлатидир, - дейилади мақолада.- Мамлакат, шунингдек, минтақадаги иккита хусусий ҳинд университети очган ягона ўлкадир. Тошкент Мумбайни Москва билан боғлайдиган “Шимол-Жануб” халқаро транспорт коридорига қўшилиш ниятини билдирган. Жанубий Корея “Янги шимол сиёсати” доирасида Ўзбекистонга муҳим шерик сифатида эътибор қаратмоқда. Хитой Ўзбекистон билан янги минтақавий ҳамкорликни ривожлантирмоқда».
Ўзбекистон раҳбариятининг яна бир стратегик ташаббуси - бу Афғонистон билан боғлиқ. Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Трансафғон транспорт коридорини ташкил этиш йўлидаги илк одимлар ташланди. Денгиз соҳилига эга бўлмаган Ўзбекистон ушбу лойиҳа доирасида ўз савдо маҳсулотларини океан портларига етказиб бериш имкониятини қўлга киритади.
Нашр, шунингдек, ўз ўқувчиларини Ўзбекистонинг сайёҳлик салоҳияти билан таништирган.
“Ўзбекистон сайёҳлар учун муҳим манзил бўлган диёр. Мамлакат зиёратчиларни жозибадор муҳити билан ҳайратга солади. Феруза ранглар билан жилоланган тарихий масжидлар, мадрасалар, тарих қаърига элтувчи карвонсаройлар ҳар қандай сайёҳни ром этиши табиий. Мамлакат туризм имкониятлари қаторида маданий урф-одатлари ҳам меҳмонларни лол қолдира олади», - деб ёзади «Damga» газетаси.