Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистон-Туркия муносабатларида халқ дипломатиясининг ўрни


Ўзбекистон-Туркия муносабатларида халқ дипломатиясининг ўрни

 

АНҚАРА, 29 май. /«Дунё» АА/. 28 май куни Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда «Мустақиллик йилларида  Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда  халқ дипломатиясининг ўрни» мавзусида онлайн шаклдаги «давра суҳбати» ташкил этди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.

Анжуманда сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлгани каби хориждаги ватандошлар билан ишлаш масаласида ҳам мутлақо янги сиёсат ва ёндашув шакллангани таъкидланди. Бу борада 2018 йил 25 октябрь куни қабул қилинган «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси» дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбирда Туркиянинг турли вилоят ва минтақаларида яшаб келаётган ватандошларимиз иштирок этиб, ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Маълумотларга кўра, Туркиядаги ўзбек диаспораси вакиллари Адана, Коня, Ҳатай ва бошқа вилоятларда, Истанбул ва яна қатор йирик шаҳарларда истиқомат қилади. Шунингдек, бугун қарийб 60 минг Ўзбекистон фуқароси ушбу мамлакатда вақтинча яшаш ёки ишлаш рухсатномаларини олган.

Элчихона халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари, Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари ва Туркия қонунчилиги асосида ушбу давлатдаги ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўзбек-турк муносабатларини яхшилашда кейинги вақтда халқ дипломатияси муҳим омил бўлаётир. Бу жараёнга Туркиядаги жамоат бирлашмалари фаол жалб этилган. Туркиядаги ватандошларимиз ёрдамида ўзбек-турк муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдо-иқтисодий, ижтимоий-маънавий йўналишларда тадбирлар ўтказиш, қардош шаҳарлар даражасида ҳамкорлик олиб боришга катта эътибор қаратилмоқда.

Масалан, 1950 йилларда Туркияга келган асли наманганлик ўзбек оиласининг вакили Илкер Маданий яқинда Туркиянинг Адана шаҳридаги Ўзбекистон фахрий консули этиб тайинланди. У бугунги кунда ушбу шаҳардаги ўзбекларга ёрдам бериш, халқларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш бўйича турли лойиҳаларни амалга ошириб келаяпти. Жумладан, Истанбулдаги диаспора раҳбарларидан бири Акбар Ясси билан ҳамкорликда яқинда Алишер Навоийнинг илмий мероси мавзусида йирик конференция ташкил этилди. Бундан ташқари яна бир фахрли ватандошимиз  Усмон Бек Туркиянинг жанубидаги ўзбекларимиз орасида ўзбек тили ва тарихини ўргатиш, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб тадбирлар ташкил этишда бош-қош бўлаяпти.

Бугунги кунда Туркиянинг қайси бир ҳудудида ўзбек қишлоғи ёки маҳалласи бўлса, улар билан алоқа ўрнатилиб, ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан амалиётга жорий этилган инсонпарварлик сиёсатининг натижаси, янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги хусусиятлар самараларидир.