АНҚАРА, 23 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу газета бош муҳаррири билан «Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда» сарлавҳали суҳбати Туркия ижтимоий-сиёсий, жамоатчилик вакиллари томонидан кенг шарҳланмоқда.
Хусусан, Анқара Инқироз ва сиёсат масалалари бўйича тадқиқотлар маркази (ANKASAM) раҳбари, профессор Сайфиддин Эрол «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида давлатимиз раҳбарининг жавобларини шарҳлади.
- Ўзбекистон учун катта тарихий аҳамиятга эга бўлган мустақилликнинг 30 йиллиги байрамига яқинлашаяпмиз. Ушбу сана арафасида мамлакат халқига энг самимий табрикларимни йўллашдан мамнунман.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюси ўтган беш йилда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларнинг сарҳисоби бўлиш баробарида, бундан кейинги босқичда мамлакат қандай йўл тутиши, қандай марраларни белгилаб олганини тушуниш учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Бу ерда “Янги Ўзбекистон” иборасига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Ушбу тушунча Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач нафақат Ўзбекистоннинг ўзида балки бутун минтақада кузатилаётган янгича муносабатларни ифода қилиб турибди. Янги Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, мамлакатнинг ичида кузатилаётган янгиланишлар – Учинчи уйғониш даврининг ўзагидир. Барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан Ўзбекистон халқаро жамоатчилик орасида ҳам ўзига хос ва мос бўлган ўрнини топмоқда.
Президент интервьюсида давлат ва жамият ўртасидаги яқинлашув жараёнлари, хусусан, давлат оргналарининг аҳолига хизмат қилиши зарурлиги масаласи чуқур таъкидланган. Амир Темурнинг «Адолат – давлатнинг асоси ва раҳбарлар шиоридир» деган ҳикматли сўзи Президент томонидан ушбу ўринда моҳирона қўлланилган. Ушбу ҳолат Янги Ўзбекистоннинг ўз тарихий илдизларига таянган ҳолда, биринчи ва иккинчи Ренессансдаги билим ва тажриба асосида янги Уйғониш даврига кириб бораётганини кўрсатади.
Эътибор берилса, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон тубдан ўзгарди. Президент Мирзиёев турли жабҳалардаги ислоҳотлар билан Ўзбекистоннинг қиёфасини янгилади. Мамлакат ичида ҳам, ташқи дунё билан муносабатларда ҳам Янги Ўзбекистон имижи яққол кўзга ташланмоқда. Нафақат минтақа давлатлари, балки дунёнинг етакчи мамлакатлари ҳам Ўзбекистондаги ушбу янгиланишларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда ва юксак баҳоламоқда.
Турли минтақавий масалалар, Афғонистон муаммоси, сўнгги йилларда юзага чиққан халқаро пандемия билан боғлиқ инқироз даврида Ўзбекистон минтақавий давлатлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш йўлида муҳим ташаббуслар билан чиқди. Президентнинг ўзи айтиб ўтган жаҳон сиёсатшунослигидаги «Марказий Осиё руҳи» деган иборанинг том маънодаги ижрочиси, ташаббускори ҳам айнан Ўзбекистон деб ўйлайман.
Хулоса қилиб айтганда, Шавкат Мирзиёев илгари сураётган “Янги Ўзбекистон” ғоясини фақатгина Ўзбекистоннинг ўзи билан чегараланиб қолмаслиги аниқ. Яқинда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган Тошкент конференцияси Янги Ўзбекистон минтақада ташаббускорликни ва масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлигини намоён қилди. Бошқача қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон ўзининг тарихий ўрнини эгаллашга киришмоқда. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Янги Ўзбекистон минтақадаги энг асосий эҳтиёж – барқарорлик ва тинч-осуда ҳаётни таъминлашдаги асосий мамлакат, деб айтиш мумкин. Ўзбекистон тараққиёти – минтақа фаровонлиги, Ўзбекистоннинг янгиланиши – минтақанинг янгиланиши демакдир.