АНҚАРА, 24 август. /«Дунё» АА/. Илгари хабар берилганидек, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши ишлаб чиқилаётган вакциналар ҳамда юртимизда аҳолини касалликка қарши эмлаш жараёнининг бориши юзасидан хорижий мамлакатларнинг тиббиёт мутахассислари ҳам ўз муносабатини баён этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Профессор Жевдет Фурат, Анқара шаҳар Кечиўрен шифохонасининг қон-томир касалликлари жарроҳи:
- Аввало, коронавирусга қарши вакциналар масаласидаги айрим маълумотларни қайд этиш ўринли бўлади. 2020 йил 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус пандемияси эълон қилинганидан сўнг шу кунга қадар дунё бўйича 390 миллион киши ушбу касалликка чалинди, 4 миллион 380 минг нафар бемор ҳаётдан кўз юмди. Бу билан ушбу касаллик жуда хатарли эканини таъкидламоқчиман.
Коронавирус сингари касалликларни дунё миқёсида бартараф этиш учун эмлаш ягона йўл ҳисобланади. Буни барчамиз теран англашимиз керак. Агар ўз вақтида вакцина олмасак, ундан қочадиган бўлсак, бу каби вирусли касалликлар ўн йиллаб ҳам давом этиши мумкин. Бунинг натижасида жамият ва давлат ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий зиён кўради.
Шу боис биз, шифокорлар вакциналарни ўз вақтида олишни тавсия қиламиз. Икки доза вакцина олгандан кейин ҳам эътиборсизликка берилмасдан, тозалик ва профилактика чораларига амал қилиб бориш лозим. Ҳар қандай мамлакатда агар эмланиш нисбати аҳолининг учдан икки фоизига етмас экан, касалликни бартараф этишнинг деярли имкони йўқ.
Афсуски, одамлар орасида вакциналар билан боғлиқ баъзи нотўғри тушунча ва миш-мишлар ҳам мавжуд. Ҳар қандай вакцина оммавий равишда қўлланишдан аввал муайян синовлардан ўтказилади. Ҳеч бир синалмаган дори ёки вакцина аҳолига таклиф этилмайди. Агар бирор кишида савол ва ёки шубҳалар бўлса, шифокорлар билан маслаҳатлашиб, вакциналарнинг хавфсизлиги ҳақида тўғридан-тўғри маълумот олиши ҳам мумкин.
Баъзилар томонидан вакциналар бепуштликка сабаб бўлиши, инсон генетикасига таъсир қилиши каби миш-мишларнинг тарқатилиши ҳақиқатга зиддир. Вакциналар инсон танасига киргач, муайян муддатдан сўнг организмдан ташқарига чиқиши тажрибалар асосида тасдиқланган. Вакциналар таркибидаги вируслар ўлдирилган ҳолатда бўлиб, инсон соғлиғига зарар етказиши мумкин эмас.
Агар эмлаш нисбати, юқорида қайд этганимиздек, талаб этилган даражага олиб чиқилмас экан, вируснинг янги турлари юзага келаверади. Маълумки, сўнгги пайтда мавжуд алфа ва бета шаклларига қўшимча равишда вируснинг янада зарарли бўлган дельта тури ҳам пайдо бўлди. Бунинг сабабларидан бири эса айрим кишиларнинг вакцинани ўз вақтида олмай, касалликни тарқатишда иштирок этгани туфайлидир.
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, вакцинани ўз вақтида олмаган кишилар таҳликали ҳолатнинг давом этиши учун масъул бўлиб қолишини унутмаслиги лозимлигини таъкидлашни истар эдим. Шуни зинҳор унутмаслик керакки, ушбу хавфли вирусга қарши курашдаги ягона қурол вакцина ҳисобланади.