АНҚАРА, 9 сентябрь. /«Дунё» АА/. Туркияда чоп этиладиган нуфузли «Business Turk» журнали таҳририяти билан ҳамкорликда мазкур нашрнинг «Янгидан уйғониш: Ўзбекистон мустақиллигининг 30-йилида» номли махсус сони чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Махсус соннинг кириш қисми «Олтин қалам» ХV миллий мукофоти совриндори, журнал бош муҳаррири М.Рузубайнинг қуйидаги фикрлари билан бошланган: «Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий меросисиз Турк дунёсининг тамаддун тарихини тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода Ўзбекистоннинг бой маданий-маърифий меросини бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ардоқлаб, барчамизни ғурурлантирувчи муваффақиятлар билан янгидан юзага чиқармоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ичида ва ташқи муносабатларида амалга ошираётган улкан ўзгаришлари, тинчликсевар ва инсонпарвар ислоҳотлари халққа ҳузур-ҳаловат, мамлакатга фаровонлик олиб келмоқда ва нафақат Ўзбекистон, балки қардош Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон ва Туркия аҳлини ҳам бениҳоя хурсанд қилиб, мамнуният бағишламоқда. Бинобарин, «Business Türk» журнали жамоаси ўлароқ, қардош Ўзбекистон мустақиллигининг 30-йилида қўлингиздаги ушбу махсус сонни тайёрлаш ҳам бизга катта ҳаяжон ва шараф бағишлади. Ота юртимиз Ўзбекистон истиқлолига бағишлаб бундай журнални тайёрлаш – биз учун катта бахтдир. Ушбу нашр одатдаги махсус сон эмас, балки тарихий манба бўлиб қолади, деб ишонаман».
Махсус соннинг тақдимот сўзи Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси А.Аъзамходжаев қаламига мансуб. «Албатта, бу йил Ўзбекистон истиқлолининг 30 йиллиги қутланмоқда. Бу давлатимиз учун бениҳоя муҳим бир сана, дея қайд этади элчи. Ўзбекистон бугун мустаҳкам оёққа турган, халқаро майдонда ўз сўзи ва обрў-эътиборига эга бир мамлакатдир. Бундан 30 йил аввал Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат Туркия бўлган эди. Туркия Ўзбекистон учун ҳаётий аҳамиятга эга қадам ташлаган эди. Шунинг учун бугун биз Туркиянинг шундай жасоратли ва биродарона қарорини беҳад олқишлаймиз ва катта мамнуният билан хотирлаймиз. Бир фикрни комил ишонч билан айта олманки, орадан йиллар ўтади, Ўзбекистон мустақиллигининг 40, 50 ва, иншооллоҳ, 100 йиллиги нишоналанади ва Туркиянинг ўша тарихий қадами мудом эҳтиром ила эътироф этилаверади».
48 саҳифадан иборат бўлган журналнинг мазкур махсус сонида Ўзбекистон давлат тизими, жўғрофияси, тарихи, иқтисодиёти, сайёҳлик салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилган, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятининг ўзига хос хусусиятлари, иқтисодий имкониятлари ҳақида ҳам батафсил фикр юритилган.
«Мустақил Ўзбекистон» деб номланган бўлимда мамлакатимизнинг давлат рамзлари, Конституцияси, миллий валютаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва дунё давлатлари билан алоқалари ҳақидаги материаллар ўрин олган. Аксарият мақолаларда Ўзбекистон бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Янги Ўзбекистон – учинчи Ренессанс» ғояси йўлида азму шижоат билан олға одимлаётгани таъкидланган.
Нашрда сўнгги йилларда ўзбек-турк муносабатларида эришилган муваффақиятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил Туркияга буюрган тарихий ташрифи, 2020 йил Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Олий даражали стратегик кенгашнинг илк мажлиси ва натижалари, Туркия Президенти Девонига қарашли Халқ кутубхонаси очилишида Ўзбекистон Президентнинг фахрий меҳмон сифатидаги иштироки ва нутқининг муҳимлиги эътироф этилган.
Журналнинг Ўзбекистон ҳаётига бағишланган махсус сонида чоп этилган материалларда жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро қўшма комиссияси йиғилиши натижалари, сўнгги йилларда Туркиянинг Бурса, Адана ва Анталия шаҳарларида ташкил этилган Ўзбекистон фахрий консулликларининг фаолияти, мамлакатимиздаги маъсул ташкилотларнинг Туркиядаги диаспорамиз вакиллари билан алоқалари, Истанбул, Адана ва Шанлиурфа каби шаҳарларда жойлашган маҳаллий диаспора ташкилотлари билан ҳамкорликдаги тадбир ва лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар ҳам атрофлича ўз аксини топган.