ТОШКЕНТ, 14 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов кеча Туркия Адолат ва тараққиёт партияси раисининг ўринбосари – Истанбул парламенти депутати Нуъмон Куртулмуш бошчилигида Туркия парламентининг бир гуруҳ депутатлари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига кўра, конструктив мулоқот чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш динамикаси юқори баҳоланди.
Туркия томонидан Ўзбекистонда ислоҳотларни илгари суришда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлик билдирди.
Эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш ҳамда ўзаро ҳамкорлик шакллари ва механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида яқин ҳамкорлик қилишга келишилди.