АНҚАРА, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. Анқара инқирозлар ва сиёсий тадқиқотлар маркази - «ANKASAM» веб-саҳифасида Тошкент давлат юридик университетининг профессори вазифасини бажарувчиси Игорь Кудрявцев қаламига мансуб “Ўзбекистон фаол фуқаролик жамиятини шакллантирмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда қайд этилишича, демократик ҳуқуқий давлат қурилишининг назарияси ва тажрибаси тўғридан-тўғри фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожланиши даражаси билан боғлиқдир. Замонавий Ўзбекистонда демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнларига фуқаролик жамияти институтларининг фаоллашуви билан яқин алоқадорликда қаралади.
2016 йил декабрида бўлиб ўтган Президент сайловидан кейинги қарийб беш йил давомида мамлакат ва жамият бундан олдин тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этгани ҳолда олдинга қараб изчил ва ишонч билан ҳаракатланмоқда.
Муаллифнинг ёзишича, ҳозирги пайтда Янги Ўзбекистонда демократия нафақат фуқароларнинг эркинлиги, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг таъминланиши асосидаги халқ ҳокимиятини, балки уларнинг кафолатлари изчил амалга оширилишини ҳам англатади. Бунда фуқаролик жамияти институтлари, биринчи навбатда, оммавий ахборот воситалари, интернет ресурслар, блогерлар ва ННТ томонидан жамоатчилик назоратининг самарали тизими фаолиятининг йўлга қўйилиши назарда тутилади. Фақат фуқаролик жамияти институтларининг давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги туфайлигина одамлар ҳаётининг муносиб сифатини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мумкин.
Мақолада Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайлангани 2020 йилнинг шонли воқеаси бўлиб қолди. Бунга мамлакатда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли эришилди.
«Ўзбекистонда маҳалла институти, яъни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фуқаролик жамиятининг тарихан шаклланган институти ҳисобланади. Фуқаролик жамиятининг ушбу институти узоқ вақтнинг синовидан ўтган ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги муҳим боғловчи бўғин сифатида ўзининг зарур эканлигини амалда исботлаган”, - деб ёзади «ANKASAM» веб-саҳифаси.