Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркиянинг собиқ бош вазири Бинали Йилдирим: Ўзбек тили куни байрами - бизнинг ҳам байрамимиздир


Туркиянинг собиқ бош вазири Бинали Йилдирим: Ўзбек тили куни байрами - бизнинг ҳам байрамимиздир

 

АНҚАРА, 22 октябрь. /«Дунё» АА/. 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси ТУРКСОЙ ташкилоти ҳамда Туркий дунё муҳандислари уюшмаси билан ҳамкорликда адабий-маърифий кеча  ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Тадбирда Туркиянинг собиқ бош вазири Бинали Йилдирим, маданият ва туризм вазири ўринбосари Мисбаҳ Демиржан, атроф-муҳит ва қурилиш вазири ўринбосари Мужаҳит Демирташ, ТУРКСОЙ ташклоти бош котиби ўринбосари Билал Чакижи, турк жамоатчилиги вакиллари ва ватандошларимиз иштирок этди.

Ўзбек тили тарихда туркийнинг чиғатой лаҳжаси ўлароқ ўз вақтида бутун туркий дунё учун умумий адабий тил вазифасини ўтагани, Марказий Осиё халқларининг муҳим мулоқот воситаси ҳисоблангани, ёзишмаларда кенг қўлланилгани ва бугунги кунда қарийб 50 миллион киши ушбу тилда сўзлашиши каби маълумотлар қатнашчилар эътиборига ҳавола этилди.

Адабий кечада, шунингдек, Ўзбекистон Президенти томонидан ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолият юритаётгани, она тилимиз БМТнинг юксак минбарида янграгани, Туркий кенгаш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилаётгани ҳақида маълумот тақдим этилди.

2016-2018 йилларда Туркия бош вазири сифатида фаолият кўрсатган Бинали Йилдирим, ўз навбатида,  ўзбек тилининг  мавқеини мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишларни қайд этди.

- Эътиборингизни бир нарсага алоҳида қаратмоқчиман. Ўзбекистон ҳали собиқ иттифоқ таркибида бўлган даврда - 1989 йил 21 октябрь куни ўзбек тилини давлат тили дея эълон қилди. 1991 йил 1 сентябрь куни эса қардош Ўзбекистон ўзининг мустақиллигини қўлга киритди. Бу йил ушбу сананинг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда. Сайхун ва Жайхун дарёлари ўртасидаги барокотли тупроқларни ўз ичига олувчи Ўзбекистон бутун туркий дунёнинг маънавий қалби ҳисобланади, - деди Б.Йилдирим. - Биз Тошкентни худди Анқара каби яхши кўрамиз, Бухоро қалбимизга Кўниё қадар яқин, Самарқандни Бурсага менгзаймиз. Ўзбекистон нафақат тарихий шаҳарлари билан, балки Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби дунё илм-фани тараққиётига беназир ҳисса қўшган олиму фузалолари билан ҳам машҳур. Маълумки, ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб. Модомики шундай экан Ўзбек тили байрами куни бизнинг ҳам байрамимиздир. Барчангизни ушбу байрам билан чин қалбдан табриклайман.

Тадбир доирасида Туркияда бўлиб турган ватандошларимиз ва уларнинг фарзандлари иштирокида мушоира ташкил этилди. Алишер Навоий, Абдулла Авлоний, Миртемир, Хуршид Даврон, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф каби шоирларнинг она тилимизни улуғловчи ашъорлари айтилди.

Ўзбекистон давлат филармониясининг Тошкент вилояти бўлинмаси вакиллари ижросидаги куй ва қўшиқлар байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади.