Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга компьютерлар тақдим этилди


Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга компьютерлар тақдим этилди

 

ТОШКЕНТ, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон  ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари саъй-ҳаракатлари билан навбатдаги хайрия тадбири амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири. 

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 50 дона компьютер (ноутбук) тақдим этилди.

Пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида ушбу техника воситаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ташқи ишлар вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги вакиллари, мазкур ижод мактаби раҳбарияти, ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова йиғилганлар эътиборини жорий йилнинг 10 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалаларига бағишланган видеоселекторда таълим сифатини ошириш, давлат таълим стандартларини халқаро меъёрларга мослаштириш, таълим муассасаларини  замонавий технологиялар билан жиҳозлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар изчил бажарилаётганига қаратди. Ташқи ишлар вазирлиги фаол кўмагида ушбу йўналишда ишлаб чиқилган лойиҳалар, дастурлар ҳамда хорижий давлатлар билан ўрнатилган халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида сўз юритилди.

Бугунги кунда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари локомотив ролини ўйнаётгани, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида таълим олаётган ўқувчиларнинг қобилияти ва билимга чанқоқлиги алоҳида урғуланиб, уларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаган Учинчи Ренессанс пойдеворини муносиб яратувчилари бўлиб етишишига ишонч билдирилди.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон тараққиётини таъминлашнинг муҳим кафолати экани алоҳида таъкидланди.

Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган маданий-маърифий дастур, хусусан, буюк ёзувчимизнинг “Ўткан кунлар” романи асосида саҳналаштирилган чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. 

Президент таълим муассасалари агентлиги бошқарма бошлиғи Гавҳар Ишимова “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда Агентлик фаолияти ва Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларга тўхталди:

- Агентлик қошида 3 та ихтисослаштирилган мактаб, 9 та ижод мактаби, 14 та Президент мактаби ва 1 та университет фаолият юритмоқда.

Агентлигимиз томонидан ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши, жаҳон стандартларига мос маҳаллий дастурларни яратишда хорижий мутахассисларни, педагог кадрларни жалб этиш, шунингдек, турли йўналишлардаги таълим муассасаларининг ўқув-методик базасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва барчаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бугун мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан республика ижод мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида 50 дона компьютер топширилди. Бу нафақат мактабларимизнинг моддий-техник базасини, балки таълим сифатини ҳам яхшилашга ёрдам беради, деб ўйлайман.  

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари республикамизнинг барча ҳудудларида жойлашган таълим муассасалари билан турли йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бунинг учун Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг хориждаги ваколатхоналарига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.