ИСТАНБУЛ, 4 ноябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ходимлари Туркистонликлар маданий ва ижтимоий ҳамкорлик жамияти раҳбари Акбар Ясса билан учрашув ўтказди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Суҳбатда Акбар Ясса Ўзбекистон Президенти сайлови кўтаринки руҳда ва аҳолининг сиёсий фаоллиги билан ўтгани, унда амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг олий лавозимга қайта сайлангани билан самимий табриклаб, юртимизга тинчлик, фаравонлик ва тараққиёт тилади.
Суҳбатдош хориждаги ватандошлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳаётга тадбиқ этилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлаётганидан мамнун эканини билдирди.
Акбар Ясса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан хорижда яшаётган ўзбекистонликлар билан алоқани мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, хусусан, 2021 йил 11 август куни “Ватандошлар” жамоат фондининг ташкил этилгани Туркияда яшаётган ўзбекларни жуда ҳам қувонтирганини изҳор қилди.
Мулоқот чоғида Туркистонликлар маданий ва ижтимоий ҳамкорлик жамияти томонидан “Анқарадан Тошкентга кўнгил кўприги – Мир Алишер Навоий ва унинг асарлари” мавзусида Туркия пойтахтида ўтказилган халқаро симпозиумга тўхталиб, бу каби тадбирларни Истанбул ва Бурса шаҳарларида ҳам ташкиллаштириш борасида фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия шаҳарлари ўртасида қардошлик алоқаларини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Жорий йил 24-28 ноябрь кунлари Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Самарқанд давлат университетлари билан ҳамкорликда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Туркияда чоп этилган Алишер Навоий асарлари ва уларга чизилган миниатюралар кўргазмаларини намойиш этиш, шу мавзуда халқаро симпозиум ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувда миллий ва маънавий қадриятларимиз, маданий анъаналаримиз ҳамда урф-одатларимизни кенг тарғиб этиш, Туркияда яшаётган юртдошларимиз билан алоқаларни ривожлантириш, ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини тарғиб қилиш билан боғлиқ ишлар юзасидан келишиб олинди.