Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Туркиядан муносабат: Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзолиги туркий дунёнинг келажагида том маънода кескин бурилиш нуқтаси бўлди


Туркиядан муносабат: Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзолиги туркий дунёнинг келажагида том маънода кескин бурилиш нуқтаси бўлди

АНҚАРА, 14 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11-12 ноябрь кунлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Истанбулда бўлиб ўтган навбатдаги саммитида иштироки доирасида илгари сурган ташаббусларига “ANKASAM”инқироз ва сиёсат таҳлили маркази  директори, профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол (Туркия) “Дунё” АА учун ўз муносабатини билдирди:

– 2021 йил 24 октябрь куни Президент сайловида ғалаба қозонган Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш саммитидаги иштироки доирасида ўзининг илк хорижий сафарини Туркияга амалга оширгани эндиликда Туркий давлатлар ташкилоти деб номланган халқаро тузилма нуфузи ва аҳамиятини янада оширадиган муҳим жиҳатлардан бири бўлди, - деди эксперт. – Бу ҳам янги Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ва мамлакат туркий дунё давлатлари билан ҳамкорликка нақадар катта эътибор беришини ифода этди.

Маълумки, Ўзбекистон Туркий кенгашга 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан аъзо бўлгандан сўнг Кенгаш сезиларли даражада куч ва обрўга эга бўлди. Зеро Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши билан туркий мамлакатлар занжиридаги муҳим камчилик бартараф этилди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё ва Евросиё геосиёсатида, балки Туркий кенгаш доирасида ҳам алоҳида ажралиб турадиган “юрак” ўлкаси сифатида катта аҳамиятга эгадир. Шу боис Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзолиги туркий дунёнинг келажагида том маънода кескин бурилиш нуқтаси бўлди.

Шавкат Мирзиёев Истанбул саммитида ҳар бир платформада бўлгани каби нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун туркий дунё, айниқса, яқин атрофдаги қўшни давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қаратилган инсонпарвар, кенг дунёқарашли, тинчликсевар ва конструктив сиёсатчи эканини яна бир бор исботлади. Бу туркий дунёнинг муштарак ва порлоқ келажагини янада осонлаштиради, деб ўйлайман.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида илгари сурган таклифлар туркий дунё учун “Йўл харитаси” хусусиятига эгалигини таъкидламоқчиман.

Авваламбор, Ўзбекистон раҳбари эътиборни иқтисодий, савдо ва ишлаб чиқариш алоқалари ривожига, транзит-тижорат йўлаклари муҳимлигига қаратди. Шубҳасиз, Ўзбекистон Президентининг баёнотлари “Ўрта йўлак”нинг геоиқтисодий ва геосиёсий аҳамиятнинг муҳимлигини яна бир бор эслатди. Бундан ташқари, рақамлаштириш ва технологик ўзгаришларга тўхталиб, келажакда халқаро ҳамжамиятнинг фаол субъекти бўлишни мақсад қилган Туркий давлатлари ташкилотига аъзо мамлакатлар қандай ривожланиш йўлини тутиши лозимлигини белгилаб берди.

Иккинчидан, Шавкат Мирзиёев атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши каби глобал муаммолар олдида “яшил” энергия, сув муаммоси, қишлоқ хўжалиги каби мавзуларга тўхталиб ўтгани катта аҳамиятга эга. Шу тариқа глобал экологик муаммоларнинг Ўзбекистон ва туркий дунё олдида долзарблигини таъкидлаб, бутун дунёга муҳим “мессежлар” юборди.

Учинчидан, Ўзбекистон раҳбари ёш авлод ўртасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантириш зарурлигини қайд этиб, маданий ҳамкорлик ва алоқаларни туризм соҳаси орқали ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади, туркий дунёнинг келажаги бўлган ёшларга алоҳида эътибор қаратди. Бинобарин, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида айтиб ўтганидек, муштарак тарихга эга туркий тилли давлатларнинг келажаги ёшлар томонидан барпо қилинади.

Ўзбекистон Президенти алоҳида тўхталиб ўтган кейинги ва энг муҳим муаммолардан бири – Aфғонистон масаласидир.

Шу муносабат билан Шавккат Мирзиёев Aфғонистоннинг халқаро ҳамжамиятдан яккаланиб қолиши терроризм ва радикаллашувни янада авж олишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб, минтақавий ва глобал тинчликка эришишнинг ягона йўли – Aфғонистонни кенг қамровли ҳамкорлик заминига олиб чиқиш эканига эътибор қаратди. Маълумки, Ўзбекистон Президенти 2021 йил 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: Минтақавий ўзаробоғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро анжуман ўтказиб, тинчликсевар позициясини илгари сурди ва буни изчил давом эттираётганини дунё ҳамжамиятига очиқ намоён этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Aфғонистон мавзуси бўйича Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги қарорлар бир овоздан қабул қилиниши, муштарак сиёсат ишлаб чиқилиши кераклигига эътибор қаратди, бу билан туркий дунё “фикр бирлиги” шиори билан ҳаракат қилётганини тасдиқлади.