АНҚАРА, 22 ноябрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи Туркия эксперт-таҳлил жамоатчилиги вакилларининг диққат марказида турибди, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.
Хусусан, «RUSEN» Россия ва МДҲ давлатларини ўрганиш институти директори Солиҳ Йилмаз давлатимиз раҳбарининг ташрифини муҳим воқеа сифатида эътироф этди.
- Ўзбекистон ва Россияни стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туради. Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди, 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилингани келажакда ахборот технологияларидан ноқонуний тарзда фойдаланиш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларни тинч йўл билан ҳал этишга эришиш имконини беради.
Ўзбекистон ва Россия АКТни ривожлантириш ҳамда ундан фойдаланиш борасида ҳамкорликда бир мунча ютуқларга эришганига қарамай, ахборот хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан бу соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлаш долзарб масаладир.
Замонавий АКТнинг ривожланиши давлатлар сарҳадлари билан чегараланмайди ва у трансчегаравий характерга эга. Бу борада нафақат икки томонлама, балки минтақавий ва глобал даражадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур.
Шу нуқтаи назардан, ахборот соҳасидаги таҳдидларга тезкор ва самарали жавоб бериш халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади.