АНҚАРА, 29 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг 15-саммитидаги иштироки натижалари Туркия эксперт-таҳлил ҳамжамияти вакилларининг диққат марказида бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Хусусан, «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар уюшмаси бошқаруви раҳбари Ҳикмат Эрен Агентлик мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти саммитдаги нутқида ИҲТни динамик тузилма сифатида мустаҳкамлаш, аъзо давлатлар ўртасида савдо, транспорт коммуникациялари, саноат кооперацияси ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган кўп томонлама шерикликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратганини таъкидлади.
Туркиялик экспертга кўра, саммит давомида Ўзбекистон раҳбари томонидан Ташкилот доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича илгари сурилган ташаббус жуда долзарбдир.
«EkoAvrasya» раҳбари, шунингдек, рақамли технологиялар ривожланишининг ҳозирги даврида савдо битимини янгилаш ИҲТга аъзо мамлакатлар саъй-ҳаракатларини мустаҳкамлашга ҳамқадам бўлади ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда транспорт ва логистика коммуникациялари учун истиқболли йўналиш бўлишини таъкидлади.
«Ушбу ҳужжат савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш ҳамда ҳозирги вақтда долзарблиги тобора ошаётган электрон савдони кенг татбиқ этиш масалаларини ўз ичига олини назарда тутсак, Ўзбекистон Президенти томонидан ушбу таклифнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши минтақа давлатлари иқтисодиётини ривожлантириш ва ташкилот доирасида давлатларнинг савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш учун рағбат бўлиб хизмат қилади», - деб таъкидлади Ҳикмат Эрен.