АНҚАРА, 12 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) саммитида видеоконферецалоқа шаклидаги иштироки якунлари Туркия эксперт ва таҳлилий ҳамжамияти вакилларининг диққат марказида бўлиб турибти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, «RUSEN» Россия ва МДҲ мамлакатларини ўрганиш маркази директори Салиҳ Йилмаз Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг онлайн-мажлисини катта қизиқиш билан кузатганини, чунки ЕОИИ ўзининг самарадорлиги ва ижобий иқтисодий динамикасини кўрсатаётганини таъкидлади.
Эксперт жорий йилнинг 11 ойида Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 30 фоизга, иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2019 йилга нисбатан 11 фоизга ошганини алоҳида таъкидлади.
- Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида биргаликда ва шошилинч қарорлар қабул қилишни талаб қилувчи долзарб вазифаларга эътибор қаратди, — деди эксперт. – Ўзбекистон раҳбарининг ЕОИИ доирасида ўзаро савдодаги тўсиқ ва чекловларни янада бартараф этиш бўйича ташаббуслари, санитария, фитосанитария ва ветеринария талабларини техник жиҳатдан тартибга солишни уйғунлаштириш таклифига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Зеро, рақамли технологияларни божхона ва бошқа тартиб-таомилларда қўлласак, бу ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги товар айланмасини тезлаштиради.
Фақат тўсиқларни бартараф этиш ва савдонинг энг қулай самарали механизмларини ишлаб чиқиш орқали ЕОИИ мамлакатлари билан биргаликда иқтисодий тараққиётга эришиш мумкин. Бу эса бирлашмадаги барча мамлакатларнинг халқлари манфаатига хизмат қилади.