Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон ҳудудлари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари Туркиянинг давлат хизматини ривожлантириш бўйича тажрибасини ўрганмоқда


Ўзбекистон ҳудудлари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари Туркиянинг давлат хизматини ривожлантириш бўйича тажрибасини ўрганмоқда

 

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги делегацияси Туркияга  бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, делегация таркибига туман (шаҳар) ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари, ёшлар масалаларид бўйича давлат хизматчилари ва маъмурий ислоҳотлар бўйича ишчи гуруҳ аъзолари киритилган.

Малака ошириш дастури давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссияси баёнида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Туркия Президентининг Инсон ресурслари офиси ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.

Дастурга биноан, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Анқара, Истанбул ва Кония муниципалитетларида бўлиб, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш, уларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, шаҳарсозлик каби соҳаларда учрашувлар ҳамда амалий машғулотларда иштирок этмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон вакиллари Туркия Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси, Ички ишлар вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Анқара ҳокимияти ва туманлари ҳокимликлари, шунингдек турли ижтимоий-иқтисодий, ишлаб чиқариш зоналарида бўлиб, мулоқотларда қанашмоқда.

— Мамлакатимизда ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи бошланган, бу пайтда хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим ҳисобланади, — деди Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров. — Туркияда кадрларни давлат хизматига босқичма-босқич тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, масъулиятли вазифаларга тайинлашда самарали натижага эришилган. Давлатда туризм хизмати, хорижий сайёҳларга кўрсатилаётган хизмат турлари билан яқиндан танишдик. Келгусида Бухорода туризмни янада ривожлантиришда ушбу амалиётнинг самарали усулларидан фойдаланишни мақсад қилдик.

Таъкидлаш керакки, делегация аъзолари маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашни такомиллаштириш, истиқболли кадрларни танлаш ва саралаш, ҳудудий дастурлар ва йўл хариталар ижросини таъминлаш каби йўналишларда ҳам тажриба орттирмоқда.