ИСТАНБУЛ, 22 январь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ва Туркиядаги ўзбек аёллари ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган “Özbek Kadın Hakları Derneği” ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзаро ҳамкорлик натижасида қисқа вақт ичида фаол фуқароларимиз кўмагида 30 дан ортиқ хотин-қизга манзилли ёрдам берилди. Хусусан, одам савдоси қурбонига айланган 10 нафар ватандошимизни Ўзбекистонга қайтиши, Туркияда маошини ололмаётган 5 нафар аёлнинг иш ҳақи ундирилиши, Истанбул шифохоналарида даволанган 2 нафар беморни юртимизга жўнатиш, кўчада қолган 4 нафар юртдошимизни вақтинчалик иш жойи билан таъминлаш ва бошқа масалалар бщйича зарур кўмак кўрсатилди.
Томонлар амалдаги ҳамкорликни янги ҳуқуқий босқичга олиб чиқиш, ўзбек хотин-қизлари мавқеини юксалтириш мақсадида тегишли ишлар режасини белгилаб олди.