Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркияда Алишер Навоий таваллуд топган куни муносабати билан ғазалхонлик кечаси бўлиб ўтди


Туркияда Алишер Навоий таваллуд топган куни муносабати билан ғазалхонлик кечаси бўлиб ўтди

 

АНҚАРА, 10 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси ташаббуси билан ушбу мамлакатдаги ўзбекистонлик ёш олим, тадқиқотчи ва талабалар иштирокида “Ғазалхонлик кечаси” ташкил этилди, хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Филология фанлари доктори Саидбек Болтабоев, тарих фанлари докторлари Зебунисо Ҳусайн Камолова ва Абдумалик Тўйчибоев, Туркиянинг турли шаҳарларидаги олий ўқув юртларида докторантура ва магистратура босқичида тадқиқотларини давом эттираётган 30 нафарга яқин ўзбек ёшлари иштирок этган ушбу мушоира давомида Алишер Навоий қаламига мансуб ғазал, рубоий, қитъа ва бошқа жанрлардаги шеърлардан намуналар ўқилгани баробарида уларнинг атрофлича шарҳи ҳам кеча иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Кечанинг мазмунли ўтишига Аҳмет Акалин, Пакизе Йилдирим каби Алишер Навоий мероси юзасидан изланишлар олиб борган турк тадқиқотчилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшди. Улар  Туркияда Навоий меросига бўлган эҳтиром, бобокалонимиз ижодига оид тадқиқотлар ҳақидаги диққатга сазовор янгиликларни ўртоқлашди.

Ҳазрат Навоийнинг “Эй, Зоҳид”, “Келмади”, “Бўлдум санга”, “Излангиз” каби ғазаллар ўқилган кечада улуғ мутафаккир бобокалонимиз тараннум этган юксак одамийлик фазилатлари, комил инсон ғояси, жамият дарди билан яшаш, дахлдорлик ҳисси каби олижаноб туйғулар ва фалсафий мушоҳадалар хусусида ҳам ўзаро фикрлар алмашилди.

Кечада ғазалхонлик ва ғазални шарҳлаш борасидаги фаоллиги ва зукколиги учун Карабюк университети магистранти Замирахон Ҳолматжоновага Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчиси совғаси – Алишер Навоий бобомизга оид нодир қўлёзма асарнинг факсимиле нусхаси тақдим этилди.