АНҚАРА, 10 февраль. /«Дунё» АА/. Туркий давлатлар ва жамиятлари дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик жамғармаси (Türk Devlet ve Toplulukları Dostluk, Kardeşlik ve İşbirliği Vakfı) электрон нашрида “Машҳур сиймолар” рукни остида “Турк дунёсининг даҳоларидан бири Aлишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу мақола туркий дунёнинг ёрқин мутафаккирларидан бири - атоқли ўзбек шоири ва давлат арбоби Aлишер Навоий таваллудига 581 йил тўлгани ҳақидаги таъкид билан бошланган.
Нашр ХV асрда яшаган улуғ бобокалонимиз қисқа вақт ичида ўзининг нодир асарлари билан билан элга машҳур бўлгани, у ноёб иқтидорли қаламкаш ижодкор ҳамда кучли сиёсат арбоби бўлганини қайд этган.
Мақолада буюк Алишер Навоийнинг таржимаи ҳолига доир барча муҳим маълумотлар ўз ифодасини топгани баробарида буюк бобокалонимиз турли адабий жанрларда яратган кўплаб беназир назмий ва насрий асарлари туфайли нафақат ўзбек адабиётини, балки бутун турк адабий муҳитини қамраб олгани ва унга жуда катта таъсир ўтказгани алоҳида таъкидланган.
“Алишер Навоий ўзининг девони ва маснавийлари, тезкиралари, илмий изланишлари, диний ва ахлоқий мавзулардаги ўлмас асарлари билан замон ва макон чегарасидан ўтиб кетган ва номи бутун турк адабиётига кириб келган улуғ сиймодир. У туркий тилини ўз номи билан бирлаштиришда ва “Навоий тили ва Навоий услуби” деб номланишига катта ҳисса қўшган мутафаккирдир. Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро мажлисларининг шаклланишидаги фаол ўрни билан давлат-маданият алоқасининг нақадар муҳим эканлигини кўрсатган, ўз даврининг таъмирлаш, ободончилик ва қурилиш ишларига улкан ҳисса қўшгани билан донг таратган давлат арбоби ҳамдир”, - деб ёзади манба.