Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Туркия матбуоти: Ўзбекистонда мулк ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда


Туркия матбуоти: Ўзбекистонда мулк ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда

 

АНҚАРА, 12 февраль. /«Дунё» АА/. Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган “RUSEN” таҳлилий институти расмий веб-сайтида “Ўзбекистонда мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: сўнгги ислоҳотлар ва муаммолар” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унинг муаллифи, ушбу таҳлилий марказ директори Салиҳ Йилмаз Ўзбекистонда хусусий мулкчиликни давлат иқтисодиётини ривожлантириш ва унинг фаровонлигини таъминловчи асосий омиллардан бири сифатида қаламга олган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда мулкий ҳуқуқлар кафолатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлайдиган қулай ҳуқуқий муҳитни яратмоқда.  

“Бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз тараққиётининг узоқ даврида жисмоний мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қийинчиликларга дуч келди, - деб ёзади муаллиф. - Шу боис Ўзбекистон ҳукумати сўнгги беш йил ичида мулкчиликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида қатъий ислоҳотларни бошлаб юборди”.

Турк нашри Ўзбекистонда мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соҳада амалга оширилаётан энг муҳим ислоҳотлар ҳақидаги атрофлича маълумотларни ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилган.

“Ўзбекистон мулк ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини мамлакатдаги иқтисодий ўзгаришларнинг муҳим элементларидан бири, деб билади. Сўнгги беш йил давомида бу соҳани ислоҳ қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Конституцияси мулк ҳуқуқининг асосий кафолати бўлиб, унда хусусий мулк дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилган. Мулкдор ўз хоҳишига кўра ўз мол-мулкига эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади”, - деб ёзади “RUSEN”.

Мақолада, шунингдек, охирги беш йил мобайнида Ўзбекистонда мулк ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кучайтиришга қаратилган қатор янги ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратилган. Фуқаролик кодекси, “Ўзбекистон Республикасида мулк тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда 2021 йил 30 сентябрь куни янги таҳрирда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун бунга мисол тариқасида келтирилган.

Бундан ташқари, муаллиф Ўзбекистонда фуқароларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ўзгаришларга ҳам тўхталар экан, “Бош прокуратура ва Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига мулкдорнинг мулкий ҳуқуқлари бузилган тақдирда, шу жумладан, қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) маҳрум қилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда тезкор чоралар кўриш топширилгани, ушбу соҳада мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик ва унинг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўрилаётгани”ни қайд этган. Бунга мисол тариқасида, Бош прокуратура томонидан “Ер назорати” Телеграм боти ишга туширилгани, унинг ёрдамида фуқаролар ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши – ноқонуний қурилишлар, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ердан беҳуда фойдаланиш ҳолатлари ҳақида хабар бериши мумкинлиги таъкидланган.