АНҚАРА, 14 февраль. /«Дунё» АА/. Буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд куни муносабати билан Туркиянинг нуфузли “Ҳуррият” нашрида турк олими, профессор Илбер Ўртайли қаламига мансуб “Бобуршоҳ ва Ҳиндистон” сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф буюк аждодимизни “Явуз Султон Салим, Шоҳ Исмоил, Генрих VIII ва Карл V каби ҳукмдорлар сингари ўз даврида Шарқда порлаган юлдуз эди”, - дея таърифлайди. Унинг давлатида Деҳли ва Агра каби шаҳарлар худди Исфаҳон, Табриз ва Истанбул каби гуллаб-яшнаганини алоҳида таъкидлайди.
Мақолада Бобур “Девон”и Ҳиндистондаги туркий адабиётда муҳим назм манбаларидан бири бўлиши баробарида унинг хотиралари жой олган “Бобурнома”нинг ҳам ўрни катта эканига эътибор қаратилган. Мазкур асар Истанбул университети профессори Решит Раҳмети Арат томонидан 1943-1946 йилларда “Вақоъейи Бобур” номи остида таржима ва изоҳлар билан икки жилдда нашр этилган. Илбер Ўртайлининг фикрича, усмонли султонларидан Боязид II туркий тилнинг чиғатой лаҳжаси ва адабиётини яхши билган ва бу ҳолат кўп жиҳатдан Бобур даврида ва ундан кейин шаклланган адабий муҳитнинг таъсири эди.
«Бобурнома»нинг таржимонлари, хусусан, Уилям Бевериж ва Фернанд Гренард каби ёзувчиларнинг ушбу асар ҳақидаги мадҳларига эътибор қаратган турк олими уларнинг “Ўз ҳаётини, автопортретини бунчалик маҳорат билан қаламга олган ёзувчи камдан-кам топилади”, деган сўзларидан иқтибос келтиради.
Мақолада маълум қилинишича, Туркияда бобуршунослик изланишларига Мустафо Камол Отатурк даврида катта эътибор қаратилган. Отатуркнинг ташаббуси билан Анқарадаги Тил, тарих ва география факультети таркибида Индология кафедрасининг таъсис этилишига асосий сабаблардан бири ҳам Бобур ва Бобурийлар давлатини чуқур тадқиқ этиш бўлган. Мазкур кафедранинг урду тилини ўрганиш бўйича чуқур тадқиқотлари мавжуд. И.Ўртайли Бобуршуносликка кўпроқ эътибор қаратишга чорлаган. “Бобур дафрини янгидан баҳолаш учун мазкур барча тарихий материалларни ўрганишимиз керак”, - дейди олим.
1530 йил декабр ойининг сўнгги ҳафтасида жаҳон тарихи ва адабиётининг машҳур намояндаларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ Агра шаҳрида вафот этди, деб ёзади И.Ўртайли. Бобурнинг қабри бир муддат Аграда муҳофаза этилгач, бир неча йилдан сўнг унинг ҳоки Афғонистоннинг Қобул шаҳрига кўчирилди. Шоҳ авлодларидан бўлган Шоҳжаҳон 1646 йилда Бобуршоҳ учун “Бобур боғлари” деб аталган манзилда муҳташам мақбара қурдирган. “У буюк ҳукмдордир. У - Осиёнинг юлдузи. У ўзи олиб борган ҳарбий юришлар жиҳатидан маршал унвонига сазовор қўмондондир”, - деб хулоса қилади турк олими.