ИСТАНБУЛ, 19 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирдан мақсад Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, сайёҳлар оқимини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, туркомпанияларга тақдим этилаётган имтиёзлар, хорижий меҳмонларнинг хавфсизлиги таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, зиёрат туризми салоҳиятини тақдим этишдан иборат бўлди.
Давра суҳбатида Туркия мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (MUSIAD), Дунё турк тижорат платформаси (DTTP), турк сайёҳлик компаниялари, ОАВ вакиллари, шунингдек, «Uzbekistan Airways»нинг Истанбулдаги ваколатхонаси ва мамлакатимизнинг «Profi Travel» туркомпанияси мутасаддилари иштирок этди.
Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳақида видеороликлар намойиш этилди, ахборот материаллари тарқатилди.
Бош консулхона ходимлари томонидан Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меъроси, иқлими, миллий таомлари, меҳмонхоналари ҳақида кенг кўламли тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда 2019-2021 йилларда мамлакатимизда 1 минг 500 дан ортиқ меҳмонхона қурилгани ва уларнинг умумий сони бугунги кунда 2 минг 400 дан ошгани қайд этилди.
Давра суҳбатида, шунингдек, «Uzbekistan Airways»нинг Истанбул ваколатхонаси ходими Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги парвозлар сонининг бир неча бор ортгани, йўловчи ва сайёҳларга яратилаётган қулайликлар, чартер рейсларни ташкил этиш тартиби, пандемия билан боғлиқ ўрнатилган чекловлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди.