Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Фарғона вилоятининг инвестициявий ва савдо-иқтисодий имкониятлари Туркияда тақдим қилинди


Фарғона вилоятининг инвестициявий ва савдо-иқтисодий имкониятлари Туркияда тақдим қилинди

АНҚАРА, 22 февраль. /«Дунё» АА/. 15-19 февраль кунлари Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигида 20 дан ортиқ тадбиркор Туркиянинг Бурса ва Истанбул шаҳарларига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Бурса вилоятига ташриф давомида тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, мебелсозлик, кулолчилик, боғдорчилик ва мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш бўйича яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Бурса савдо-саноат палатасида Фарғона вилоятининг инвестициявий ва савдо-иқтисодий имкониятларига бағишланган тадқимот ўтказилди. Тадбирда Туркиянинг 50 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирок этди.

Шу билан бирга, жорий йил май ойида Бурса шаҳри ҳокими Алинур Акташ бошчилигидаги ишбилармон доиралар вакилларининг Фарғона вилоятига жавоб ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Истанбул шаҳри тадбиркорлари билан биргаликда аралаш толадан мато, замонавий қурилиш маҳсулотлари, гилам, мотор мойини ишлаб чиқариш, йигирув, тўқув, бўёқ ва тикув жараёнларини ўзига қамраб олган ишлаб чиқариш, кўп қаватли аҳоли турар-жой мажмуасини ҳамда тиббиёт муассасасини ташкил этиш бўйича битимлар ҳам имзоланди.

Туркия ташқи иқтисодий алоқалар кенгашида 40 нафарга яқин ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида Фарғона вилоятининг сармоявий салоҳияти тақдим қилинди.

Бўлиб ўтган тадбирлар якунида умумий қиймати 144,6 миллион долларга тенг 12 та инвестициявий ва экспорт шартномалари имзоланди.