АНҚАРА, 7 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3-4 март кунлари Покистонга буюрган давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар юзасидан «ANKASAM» инқироз ва сиёсат таҳлили маркази директори, профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол (Туркия) «Дунё» ахборот агентлигига ўзининг қуйидаги фикрларини баён этди:
- Мен Ўзбекистон – Покистон ўртасида диломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида амалга оширилган ушбу ташриф натижаларини диққат билан кузатдим.
Ўзбекистон етакчиси Покистон билан стратегик алоқаларни икки томонла ва кўптомонлама форматларда, жумладан, халқаро ва минтақавий тошкилотлар доирасида ривожлантирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ўртасидаги учрашув чоғида минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Покистон халқаро майдонда, жумладан, БМТ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон - Покистон ҳамжиҳатлиги мамлакатларга халқаро платформалар доирасида ўз мақсадларига эришишни таъминлаш, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Покистон билан хавфсизлик жабҳасида самарали алоқаларни йўлга қўйди, ҳарбий-техникавий соҳада, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашдаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Покистоннинг афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини кенгайтириш зарурлиги ҳақидаги ташаббуслари ҳам муштаракдир. Афғонистондаги ижтимоий вазиятнинг ёмонлашуви Ўзбекистонни ҳам, Покистонни ҳам бирдек ташвишга солаётир. Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, шунингдек, минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамиятининг қўллаб-қувватлаши Афғонистонда тинч келажак учун зарур бўлган муҳитни таъминлашига умид қиламан.