Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида рақамли ТИР лойиҳаси ишга туширилди


Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида рақамли ТИР лойиҳаси ишга туширилди

ТОШКЕНТ, 20 март, /Дунё” АА/. 18 март куни Ўзбекистонда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат божхона органлари ва Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи (МСАТ) билан ҳамкорликда икки давлат ўртасида рақамли ТИР (йўлларда халқаро юк ташув) лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Тадбирда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов, Қирғизистон Давлат божхона хизмати раиси ўринбосари Aлмаз Салиев, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Aзимов, МСАТ катта маслаҳатчиси Вахтанг Зарандия, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Aзимов маросимда нутқ сўзлаб, 2021 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган Истанбул саммитида давлат раҳбарлари томонидан аъзо мамлакатларнинг тегишли органларига Транскаспий халқаро Шарқ-Ғарб ўрта коридорини янада самарали, барқарор ва узлуксиз йўлакка айлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишни давом эттириш бўйича топшириқ берилганини қайд этди.

Мирвохид Азимов, шунингдек, Истанбул декларациясида Президентлар божхона ва транспорт тартиб-қоидаларини, жумладан, рақамли воситаларни жорий этиш орқали соддалаштиришга чақирганликларини таъкидлади. Шунинг муносабати билан, Туркий давлатлар ташкилоти бутун ТИР тизимини тез фурсатларда тўлиқ компьютерлаштиришни қўллаб-қувватлаши ҳамда рақамли ТИРни бошқа аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳисобига янада кенгайтиришни рағбатлантириши эътироф этилди.

Томонлар мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш, туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтириш ва минтақавий савдони ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.

Тадбир сўнгида иштирокчилар Ўзбекистоннинг “Дўстлик” чегара ўтказиш пунктида божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш ва икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имконини берадиган янги чегара божхона терминалининг очилишига ҳам гувоҳ бўлдилар.

Мутахассисларнинг фикрича, ТИР жараёнларини қўллайдиган 70 дан ортиқ давлатлар орасида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо беш давлатдан иккитаси – Туркия ва Ўзбекистон фойдаланилган ТИР карнет китобчалари сони бўйича топ учликка киради. Шу билан бирга, Ўзбекистонда сўнгги 3 йил ичида юк ташишда ТИР карнетдан фойдаланиш ҳажми йилига 30-40 фоизга ошган.