АНҚАРА, 6 апрель. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Анқара шаҳрида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфни хотирлаш ва унинг қаламига мансуб танланган шеърларнинг турк тилидаги нашрига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари, филология фанлари доктори Билал Чакижи, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, шоирнинг оила аъзолари ҳамда Туркиянинг ижтимоий, сиёсий, илмий, академик, ишбилармон доиралари, Анқарада аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси ва ОАВ вакиллари қатнашди.