Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик ривожланмоқда


Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик ривожланмоқда

АНҚАРА, 8 апрель. /«Дунё» АА/. Кеча мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси вакилларининг Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлари билан учрашуви ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Мулоқот доирасида “Ўзбекистон - Туркия дипломатия алоқаларининг 30 йилллиги: парламентлараро ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир давомида депутатларга Ўзбекистон ҳаётида рўй бераётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий янгиланишлар, ички ва ташқи сиёсий ислоҳотлар, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларида эришилаётган янги муваффақиятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу йил Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётгани қайд этилар экан, ўтган даврнинг сўнгги беш йилида кенг қамровли икки томонлама алоқаларнинг суръати жадаллашгани алоҳида таъкидланди. Бундан беш йил аввал Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажми 1 миллиард АҚШ долларни ташкил этган бўлса 2021 йил якуни бўйича бу кўрсатгич 3,6 миллиардга етганига ҳам урғу берилди.

Жорий йил 29-30 март кунлари Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга буюрган ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашув чоғида ўзаро савдо ҳажмини яқин йилларда 5 миллиард долларга, келажакда эса 10 миллиардга етказишга келишиб олингани маълум қилинди.

Шунингдек, мазкур ташриф давомида имзоланган иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий соҳалардаги келишувлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги, юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидлангани ҳолда мазкур битимларни ратификация қилиш жараёнида турк депутатларининг кўмаги алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Тадбирда сўнгги йилларда нафақат икки, балки кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, БМТ, Туркий Давлатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатлар ҳам сезиларли даражада ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Шу ўринда 2021-2022 йиллар мобайнида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилиш Ўзбекистонга ўтгани ва Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислиги доирасида  ШҲТнинг нуфузи ва салоҳиятини янада ошириш; ШҲТнинг Транспорт боғлиқлиги стратегиясини қабул қилиш; ШҲТ маконида инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш; ШҲТнинг халқаро ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар форумини таъсис қилиш; ШҲТнинг Эзгу ният элчиси институтини жорий қилиш каби устувор вазифаларни амалга оширишни баён қилгани тўғрисидаги ахборотлар ҳам тақдим этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон раислиги даврида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорликда 80 дан ортиқ тадбирлар ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Ўз ўрнида, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясининг Ҳуқуқий ишлар ва халқаро муносабатлар комиссияси раҳбари Эрол Кая сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамда парламентаризмни ривожлантириш борасидаги янгиланишларга юқори баҳо берди. У, шунингдек, қулай бир фурсатда икки мамлакат парламентлари ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, парламент фаолияти бўйича тажриба алмашиш ҳамда “зиёрат туризми” мақсадида Ўзбекистонга боришни режалаштираётганини билдирди.