Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон зиёратгоҳлари ҳақидаги лавҳалар Туркиянинг Рамазон теледастурларини безамоқда


Ўзбекистон зиёратгоҳлари ҳақидаги лавҳалар Туркиянинг Рамазон теледастурларини безамоқда

АНҚАРА, 28 апрель. /«Дунё» АА/. Туркиядаги элчихонамиз томонидан мамлакатимиздаги зиёрат туризми имкониятларини ушбу мамлакат жамоатчилиги орасида тарғиб ва ташвиқ қилиш, хусусан, маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган фаолият изчиллик билан давом эттирилаётир, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Бу борадаги ишлар Рамазон ойида янада кучайтирилди. Моҳи Рамазон кириб келиши билан Туркиядаги кўплаб телеканаллар ушбу муборак кунлар мазмунига хос дастурлар тайёрлаб эфирга узатишга киришади. Хусусан, “ТРТ 1” телеканали бу йилги дастурларида ифтор вақти учун “Рамазон севинчи”, саҳарлик вақтида эса “Саҳарлик баракаси” номли махсус дастурлар туркумини эфирга узатиб келмоқда. “ТРТ 1” нинг бу йилги Рамазон кўрсатувларида яна бир ўзига хос жиҳат бор: дастурлар давомида бошловчи Сердар Тунжер (Serdar Tuncer) жорий йил бошида Ўзбекистонга ташрифи давомида турли зиёратгоҳлардан тайёрланган телелавҳа ва репортажларини ҳам турк томошабинлари эътиборига ҳавола этмоқда.

Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Анқара шаҳрида жойлашган “Üçbey Turizm” фирмаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган Сердар Тунжернинг Ўзбекистонга ижодий сафари мамлакатимиз зиёрат туризми имкониятларини турк жамоатчилигига етказишда катта роль ўйнаши ва янада кўпроқ зиёратчиларни мамлакатимизга жалб этиши табиий.

Қайд этиш керакки, бугунги кунга қадар эфирга узатилган Рамазон дастурларида Имом Бухорий мажмуаси ва музейи, Имом Мотуридий зиёратгоҳи, Регистон майдони, Калон минораси ва масжиди, Имом Термизий мажмуаси, “Етти пир” зиёратгоҳлари каби кўплаб қадамжоларимиз ҳақида лавҳалар “ТРТ 1” эфирига узатилди. Бундан ташқари мазкур роликлар Сердар Тунжернинг миллиондан ортиқ кузатувчига эга бўлган ижтимоий тармоқларига ҳам жойлаштирилмоқда.