ТОШКЕНТ, 3 май. /«Дунё» АА/. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг Истанбулдаги қароргоҳида аъзо давлатларнинг Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари ҳамда бошқа тегишли муассасаларининг юқори лавозимли ходимларининг мазкур ташкилот инвестиция фондини ташкил этишга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТДТ котибияти маълумотига кўра, бу ҳақда 2021 йил 12 ноябрь куни ташкилотнинг Истанбулдаги 8-саммитида аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан тегишли қарор қабул қилинган. Учрашувда инвестиция фондини ташкил этиш бўйича ҳадли битим лойиҳаси муҳокама қилинди ва фонднинг асосий вазифалари, шу жумладан функциялари, ваколатлари, молиявий ресурслари, уни ташкил этиш ва фаолият юритиши билан боғлиқ масалалар бўйича келишиб олинди.
Йиғилишда ТДТ Бош котиби Бағдод Амреев фондни ташкил этиш билан боғлиқ жараённи ўз вақтида якунлашга ва фонд йил охиригача ишга тушишига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, саммит якунида ташкилотга раислик Озарбайжонга ўтиши ва Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги қарорлар қабул қилинган эди.