БУРСА, 19 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Умид Шодиев Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ)га аъзо давлатларнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияларининг 8-йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Йиғилишда ТУРКСОЙга аъзо давлатларнинг ЮНЕСКО ваколати доирасида ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, таълим ва фан, моддий ва номоддий маданий меросни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қартилди.
Ўзбекистон вакили мамлакатимизда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Тошкентда жорий йил ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича II-Бутунжаҳон анжумани ҳақида тақдимот ўтказилди. Мазкур форумда ТУРКСОЙга аъзо барча мамлакатларнинг фаол иштирокининг муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, тадбир қатнашчиларга 2022-2026 йилларда номоддий маданий меросни асраш бўйича Ҳукуматлараро қўмитага, шунингдек, 2023-2027 йилларда ЮНЕСКО Ижроия кенгашига Ўзбекистон номзодини илгари суриш тўғрисида маълумот берилди. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО доирасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлагани, жумладан, ташкилот Ижроия кенгаши ва Бош конференцияси томонидан бир овоздан маъқулланган «Хива жараёни» резолюциясига ҳаммуаллифлик қилгани учун иштирокчиларга миннатдорлик билдирилди.
Тадбир доирасида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон делегациялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди. Мулоқотларда ЮНЕСКО ваколати доирасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жаҳон мероси ва Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига қўшма номинацияларни илгари суриш тўғрисида келишувга эришилди.