АНҚАРА, 29 май. /«Дунё» АА/. Туркиянинг Евроосиё иқтисодий алоқалар уюшмаси («EcoAvrasya») раиси Ҳикмат Эрен Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 27 май куни бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида илгари сурилган таклифларининг мазмун-моҳиятини шарҳлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев миллий манфаатларни кўзловчи масалалар бўйича аниқ позиция ва устувор йўналишларни яна бир бор намоён этди. У кўтарган масалалар улкан Евроосиё минтақасининг барча мамлакатларига истисносиз тегишлидир.
Албатта, ЕОИИга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг табиий савдо-иқтисодий шериклари бўлиб, мамлакат товар айланмасининг ярмидан кўпи ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Қиймат занжирларидаги бўшлиқлар натижасида юзага келган қийинчиликларга қарамасдан, Ўзбекистон минтақа мамлакатлари билан саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қатъий позициясини намойиш этмоқда.
Ишончим комилки, «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўли лойиҳасини амалга ошириш орқали савдо ва транзит салоҳиятини бир неча бор ошириш учун улкан имкониятлар пайдо бўлади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи истисносиз минтақадаги барча мамлакатларнинг кун тартибида турибди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон озиқ-овқат ва хомашёни четга чиқариш бўйича чекловларнинг олдини олиш бўйича ўз позициясини намоён этганини ўринли, деб ўйлайман.
Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслардан яна бири меҳнат ресурсларини самарали жалб қилиш масаласидир. Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини 35 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келган дастлабки кунларданоқ инсон қадрини таъминлаш масаласини устувор йўналиш сифатида таъкидлаб келмоқда. Биз Ўзбекистон етакчиси оддий халқ муаммолари билан яшаётганига яна бир бор амин бўлдик.
Ўзбекистон ташаббускорлик ва амалий ёндашувлар самарасида иқтисодий ўсишнинг ижобий динамикасини сақлаб қолишига ишончим комил.