АНҚАРА, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Чирчиқ олий танк қўмондонлик мухандислик билим юрти делегациясининг Туркия Миллий Мудофаа вазирлиги Зирҳли бўлинмалар мутахассисларини тайёрлаш мактаби ва маркази қўмондонлигига сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу амалий сафар давомида Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Туркия Зирҳли бўлинмалар мутахассисларини тайёрлаш мактаби ва маркази қўмондонлиги мутасаддилари билан қатор амалий учрашувларни ўтказди, ушбу тайёргарлик марказлари фаолияти билан, жумладан, таълим тизими, ўқув дастурлари, ўқувчиларни баҳолаш, ўқитувчиларни танлаб олиш ва малакасини ошириш ҳамда ўқув ва моддий база билан атрофлича танишди.
Келажакда юқорида номлари келтирилган Туркия ҳарбий таълим муассасалари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ҳамкорликда ўқув курсларини ташкил этиш ва ўқитувчиларнинг касбий ва педагогик маҳоратларини ошириш юзасидан келишувларга эришилди.