АНҚАРА, 11 июль. /«Дунё» АА/. Жорий йил Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги икки қардош мамлакатда кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган 1991 йилда бу хабар Туркияда катта қувонч кутиб олингани ва ушбу давлат биринчилардан бўлиб мамлакатимиз истиқлолини тан олгани тарих саҳифаларига битилган.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дипломатик алоқалар ўтган йиллар давомида изчил ривож топди. 2016 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайлангач, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликда туб бурилиш юз берди. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 2016 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф билан келди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил октябрь ойида Туркияга сафар қилди. Ушбу ташриф давомида ўзаро муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Туркия Президентининг 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи чоғида имзоланган Қўшма баёнот билан икки давлат ўртасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19-20 февраль кунлари Туркияга амалга оширган ташрифи доирасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Кўп қиррали мулоқотнинг изчил фаоллашуви бевосита икки давлат ташқи сиёсат маҳкамаларининг, хусусан, дипломатия миссияларининг фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Самарқанд шаҳрида Туркия Бош консулхонаси фаолиятининг йўлга қўйилгани ҳар икки мамлакат халқлари томонидан мамнуният билан кутиб олинди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда мамлакатимизнинг Анқарадаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Алишер Аъзамхўжаев бошчилигида миссия муҳим натижаларга эришмоқда.
Мамлакатимиз элчихонаси давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган вазифалар ижроси доирасида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Дипломатия миссияси раҳбарининг Ўзбекистон-Туркия ва туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, туркий маданият, туркий тилларни ривожлантиришдаги ҳиссаси Туркия томонидан муносиб эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, Алишер Аъзамхўжаев ўтган йил «Ипак йўли йилнинг олтин одамлари» халқаро мукофотининг «Туркий дунёга кўрсатган хизматлари учун» номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Ушбу мукофот Туркиянинг “Ипак йўли” стратегик тадқиқотлар маркази ва «Ипак йўли» компанияси томонидан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон элчисига тантанали тарзда топширилди.
Ўзбекистон элчисига кўрсатилган бундай юксак эҳтиром мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.