ТОШКЕНТ, 12 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни доирасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) томонидан БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) билан биргаликда донор давлатлар ва тегишли халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришга қаратилган учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ИТСВ маълумотига кўра, тадбирдан мақсад республиканинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида техник ёрдам лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилиш ҳамда бажарилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат.
Учрашувда ЖСТ котибияти, БМТТД, UNCTAD/WTO Халқаро савдо маркази, USAID, Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти (КХИСИ), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA), Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг 50 дан ортиқ вакиллари, шунингдек хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
Ўзбек томони иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлишининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, шу жумладан ЖСТ ишчи гуруҳининг 2022 йил июнь ойида муваффақиятли ўтказилган 5-йиғилишининг асосий натижаларини тақдим этди. Шунингдек, ЖСТ котибияти билан тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва музокаралар жараёнини илгари суриш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ўз нутқида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш доирасида амалга оширган ишларига юқори баҳо берди. БМТТД доимий вакилига кўра, мамлакатнинг ушбу интилишлари барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни рағбатлантиради ҳамда иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган савдони эркинлаштириш ислоҳотларини чуқурлаштиради.
ЕИнинг Ўзбекистондаги Делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Франсуа Бежо учрашув ўзаро фикр алмашиш, Ўзбекистонга ЖСТга қўшилишда кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини янада ошириш бўйича таклифларни муҳокама қилиш учун ажойиб имконият бўлганини таъкидлади. Эксперт ЕИнинг бу жараёнда тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
ЖСТ котибиятининг Ташкилотга аъзо бўлиш департаменти директори Маика Ошикава Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳининг 5-йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида Ўзбекистон томони олиб борган фаол ва тизимли саъй-ҳаракатлари, шунингдек, яқин келажакда республиканинг Ташкилотга қўшилиш жараёнини янада жадаллаштириш вазифалари ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирнинг асосий қисмида халқаро ташкилотлар ва донор мамлакатлар, жумладан БМТТД, ХСМ, КХИСИ, GIZ вакиллари сўзга чиқиб, техник ёрдам лойиҳаларини амалга ошириш доирасида шу кунгача бажарилган ишлар ва навбатдаги тадбирлар ҳақида маълумот бердилар. Экспертлар Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши бўйича ишчи гуруҳининг 5-йиғилиши самарадорлигини юқори баҳоладилар.
Тадбир якунида Ўзбекистон ривожланишининг устувор йўналишлари ва вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, республикамизнинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш борасида донорлар урғу берадиган техник ёрдам тадбирларини самарали мувофиқлаштиришга келишилди.