АНҚАРА, 29 август. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки кайфиятда кутиб олинаётган энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрами арафасида Туркиянинг нуфузли илмий-маърифий нашрларидан бири- “Yeni Türkiye” (“Янги Туркия”) журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбек ва турк тилларида икки жилд ҳолида нашр қилинган журнал махсус сонида мамлакатимиз тарихи, янги даври, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” ғояси, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурининг асосий мақсадлари, Конституциявий ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги ўрни ҳамда геосиёсий ва стратегик аҳамияти ҳақидаги мақолалар жамланган.
Ўзининг бош мақоласи билан қатнашган Туркия Маданият ва туризм вазири ўринбосари Сердар Чам, жумладан, қуйидаги фикрларни билдирган: “Бугунги Ўзбекистон ҳудудида тарихнинг турли даврларида кўплаб давлатлар ташкил топган. Асосан туркий давлатлар тимсолида гавдаланган мазкур сиёсий ўтмиш минтақа менталитети ва социологиясида кучли давлат тушунчаси ва тафаккурининг шаклланишига замин яратган. Инқирозли вазиятларни бошқаришда муаммоларга самарали, вазмин ва ечим асосида ёндашиш, узоқни кўра олиш ва қатъиятли муносабатда бўлиш қобилияти Ўзбекистон давлат бошқарувининг мустақилликка эришганидан кейинги даврдаги энг муҳим хусусиятидир. Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши барча соҳаларда, айниқса, стратегик тараққиёт сиёсати ва ташқи сиёсатда изчил ва таҳсинга сазовор янгиланишлар амалга оширила бошланди. Бу жараёнда, шубҳасиз, жаноб Мирзиёевнинг узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги маҳаллий бошқарув органларида ва ўн уч йилга яқин марказий бошқарувда Бош вазир лавозимида қозонган тажрибаси катта аҳамият касб этади. 2020 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги тарихий нутқида Шавкат Мирзиёев биринчи (10-11-асрлар) ва иккинчи (14-15-асрлар) Ренессанс даврлари Янги Ўзбекистон ғоясининг пойдевори эканлигини таъкидлаган эди. Кўп ўтмай ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университети, ўз фаолиятини бошлаган “Янги Ўзбекистон” газетаси, пойтахт Тошкентдаги минг гектар майдонда барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғи, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” моделининг илмий-маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ёшларда ватанпарварлик, миллий ва диний эътиқодларга ҳурмат руҳи ва қадриятлари шакллантиришга кўмаклашиш бўйича берилган топшириқ ва кўрсатмалар Шавкат Мирзиёев илгари сурган янги миллий ғояни амалга тадбиқ қилишнинг аниқ қадамларидир”.
Қайд этиш керакки, ўзбек ҳамда турк давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилари ва олимларининг қаламига мансуб юзга яқин мақолалар ўрин олган “Янги Туркия” журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони мамлакатимиз ҳақида тадқиқот олиб бораётган турк тадқиқотчилари ва талабалар учун муҳим манба бўлиши шубҳасиз.