АНҚАРА, 5 октябрь. /«Дунё» АА/. «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен (Туркия) «Дунё» учун берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 4 октябрь куни ниҳоясига етган Венгрияга расмий ташрифи якунларини қуйидагича шарҳлади:
– Ўзбекистон раҳбарининг Венгрияга расмий ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Президенти К. Новак билан бўлган самарали учрашувини катта қизиқиш билан кузатдим. Унда Ўзбекистон ва Венгриянинг кўп қиррали стратегик ҳамкорлиги муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол иқтисодий сиёсати туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани, қўшма корхоналар сони ва сармоя ҳажми ортиб бораётгани айниқса эътиборлидир.
Венгрия саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга бўлган Европанинг энг жадал ривожланаётган иқтисодиётларидан бири ҳисобланади.
Музокаралар чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш муҳим устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Яқин келажакда ишга тушириладиган устувор лойиҳаларни молиялаштириш бўйича қўшма жамғарманинг ташкил этилиши, шунингдек, Ўзбекистонда фақат Венгрия компаниялари учун алоҳида саноат зонаси ажратилиб, уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаши икки давлат ишбилармон доиралари учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган амалий қадамдир.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг «GSP+» преференциялар тизимига киритилиши Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ва диверсификация қилиш, шунингдек, томонларнинг фойдаланилмаган салоҳиятидан унумли фойдаланиш учун янги имкониятлар эшикларини очмоқда.