ТОШКЕНТ, 12 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов Туркия савдо вазирининг ўринбосари Узгур Волкан Агар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишидаги ижобий тенденция юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш доирасини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш, имтиёзли савдо битимини ратификация қилиш жараёнини фаоллаштириш орқали комплекс чора-тадбирларни кўришга, савдо соҳасидаги тўсиқларни бартараф этиш, савдо операцияларини амалга оширишда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва бу соҳада рақамли ечимларни жорий этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Қайд этилганидек, 2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳамда яқин ойларда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Қўшма божхона кенгашининг 3-йиғилиши доирасида ўзаро савдони ривожлантириш бўйича қатор қўшимча, икки томонлама ва кўп томонлама чора-тадбирлар келишилиши мумкин.
Икки давлат ўртасида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, йўналишларни диверсификация қилиш, тўғридан-тўғри ва транзит юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар транспорт-логистика соҳасида ижобий динамикани сақлаб қолиш ва кучайтириш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Учрашув якунлари бўйича муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни рўёбга чиқариш мақсадида ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.