Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркиядан муносабат: Остонада бўлиб ўтган «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» саммити кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади


Туркиядан муносабат: Остонада бўлиб ўтган «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» саммити кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади

АНҚАРА, 27 октябрь. /«Дунё» АА/.  Туркиядаги «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен «Дунё» АА учун шарҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун Остона (Қозоғистон) шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» саммитидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини баён қилди.

 

– «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» саммитини катта қизиқиш билан кузатдим. Маълумки, Европа Иттифоқи Марказий Осиё республикалари билан фаол ҳамкорлик қилиб, уларнинг мустақил ривожланишини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича биринчи стратегияси 2007 йилда қабул қилинган ва 2019 йилда янгиланган.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигида иқтисодий ривожланиш ва сиёсий мулоқотни фаоллаштириш муҳим жиҳатлар бўлиб, унда Брюссель фуқаролик жамияти ва парламентлар иштирокини таъкидлайди. Минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва ислоҳотлар жараёни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан муносабатлари бўйича  кун тартибининг асосий масалалари ҳисобланади. Демократия ва қонун устуворлиги ҳам Европа Иттифоқи учун муҳим мавзулардир.

Ўзбекистон Президентининг фаол минтақавий сиёсати самарасида сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро муносабатлари тубдан ўзгаргани, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мазмундаги кўплаб муаммолар ҳал этилганига эътибор қаратиш лозим.

Ишончим комилки, Остонада «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» саммити ўз вақтида ўтказилди ва Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан долзарб масалаларни муҳокама қилиш кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади, Марказий Осиёда иқтисодий тараққиёт ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.