АНҚАРА, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш мақсадида Трабзон вилояти ишбилармон доиралари вакиллари билан музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Элчихона дипломатларининг Трабзон шаҳрига сафари доирасида ҳудудий савдо-саноат палатаси раиси Эркут Челеби, Мустақил саноатчилар уюшмаси (MÜSİAD) вакили Зафер Офлуўғли ҳамда “Арсин саноат зонаси” раҳбари Дурсун Али Сакаря билан саноат кооперацияси, савдони ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, 40 дан зиёд ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, сармоявий ва туризм салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Тўқимачилик, чарм-пойафзал, қурилиш материаллари, мисни қайта ишлаш каби соҳалар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Сафар натижасида ўзаро келишилган муддатларда Трабзон вилояти делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил қилишга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Трабзон вилояти Қора денгиз ҳудудида жойлашган бўлиб, аҳолисининг сони 800 мингдан зиёдни ташкил этади. Ҳудудда саноат ва қишлоқ хўжалиги бирдек ривожланган. Вилоятда 4 та саноат зонаси ҳамда халқаро денгиз бандаргоҳи фаолият юритади. 2021 йилда металлургия, тўқимачилик, мебелсозлик, машинасозлик, озиқ-овқат, чарм-пойафзал, қурилиш материаллари саноати маҳсулотлари экспорти ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил қилган.