ТОШКЕНТ, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бугун Туркия Давлат уй-жой бошқармаси (TOKI)) раҳбари Омер Булут билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон томони Туркия аҳолиси учун арзон ижтимоий уй-жойлар қуриш бўйича TOKI фаолиятини юқори баҳолади ҳамда илғор турк технологиялари ва тажрибасидан фойдаланган ҳолда уй-жой қурилиши соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.
Ўз навбатида, Омер Булут Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни алоҳида таъкидлар экан, қўшма истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, техник ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш, шу жумладан, кейинги 5 йил учун «Ижтимоий уйлар яратиш стратегияси»ни ишлаб чиқишга кўмаклашиш доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.
Мулоқот якунлари бўйича томонлар арзон ижтимоий уй-жойлар қуриш бўйича Туркия тажрибасидан фойдаланган ҳолда келгуси ҳамкорликнинг ташкилий жиҳатларини ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишдилар.
Маълумот учун: Туркия Давлат уй-жой бошқармаси 1984 йилда ташкил этилган. Унинг асосий мақсади кам ва ўрта даромадли фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлашдан иборат. Сўнгги 20 йил давомида Туркияда бошқарма томонидан 1,1 миллион турар-жой биноси, 1395 мактаб, 20 университет, 997 спорт мажмуаси, 44 кутубхона қурилди.