Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Фарғонада Туркия сармояси асосида «Ақлли йўл» тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинмоқда


Фарғонада Туркия сармояси асосида «Ақлли йўл» тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинмоқда

ТОШКЕНТ, 16 декабрь. /«Дунё» АА/. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров кеча туркиялик инвестор, ахборот тизимларига ихтисослашган «Streat» компанияси раҳбари Зейнеп Йилдирим билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра,  унда автомобиль йўлларида Туркия инвестицияси ҳисобидан «Ақлли йўл» тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.

 Водий вилоятларида амалга ошириш режалаштирилаётган ушбу лойиҳа учун 10 миллион доллар тўғридан-тўғри хориж сармоясини йўналтириш кўзда тутилаётганини маълум қилган Зейнеп Йилдирим  автотранспорт оқимини бошқариш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ушбу тизим жорий этилган хориждаги ҳудудларда эришилган ижобий натижалар ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди.

«Ақлли йўл» тизими йўл-транспорт ҳодисаларини, жароҳат олиш ва ўлим ҳолатларини 90 фоизгача камайтириш имконини беради. Тўлалигича инсон омилисиз ишлайдиган ушбу тизим қуёш энергияси ёрдамида ишловчи инфрақизил нурларга эга радарлар ҳамда камералар, электрон таблолар билан жиҳозланган бўлиб, унда керакли вазиятларда ҳодиса жойига йўл ҳаракати хавфсизлиги, тез ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмаларини автоматик чақириш имконияти мавжуд.

Шунингдек, сим карталар ёрдамида интернетга уланиш имконияти ҳамда электр тармоғи тортиш эҳтиёжи йўқлиги бу тизимни қисқа муддатда исталган ҳудудда жорий этиш имконини беради. Тизим тезликни ошириш, қизил чироқда ўтиш, қоидани бузган ҳолда қувиб ўтиш, хавфсизлик камарисиз ҳаракатланиш, қоидага ҳилоф равишда бурилиш, йўл қатнов қисмининг пиёдалар кесиб ўтиши учун мўлжалланган қисмида қоидага амал қилмаслик ва бошқа кўплаб ҳолатларда муайян ҳудудда ёки йўл қисмида тўла назоратни таъминлайди.

Учрашувда вилоятда «Ақлли йўл» тизими жорий этиладиган ҳудудларни белгилаш юзасидан ҳамкорликда ишни ташкил этиш ҳамда яқин муддатда лойиҳани амалга оширишга киришиш юзасидан аҳднома имзолашга келишиб олинди.